Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р. Давлетовнинг Америка Қўшма Штатлари Адлия департаментидаги учрашуви
2018-07-27 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Вашингтонга ташрифи доирасида жорий йилнинг 25 июль куни Адлия вазири Р. Давлетов АҚШ Адлия департаментида Бош прокурор ёрдамчиси ўринбосари ва халқаро муносабатлар бўйича маслаҳатчи Б.Шварц билан учрашди.
Б.Шварц Р.Давлетовни АҚШ Адлия департаменти фаолияти билан таништириб, ушбу Департамент бошқа мамлакатларда прокуратура, ички ишлар вазирлиги, контрразведка, жиноят-қидирув, қамоқ идоралари зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришини маълум қилди.
Ўз навбатида, Адлия вазири учрашув иштирокчиларини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий фаолияти ва сўнгги йилларда эришилган ютуқлар билан қисқача таништирди. Шунингдек, Президентимиз Ш. Мирзиёев раҳбарлигида республикамизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Хусусан, суд-ҳуқуқ соҳаси, жиноят-процессуал қонунчиликни либераллаштиришга оид ислоҳотлар ҳамда коррупцияга қарши кураш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, адвокатлар фаолияти самарадорлигини ошириш, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини соддалаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида хабардор қилди.
Учрашув доирасида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, хусусан, юридик кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнига америкалик экспертларни жалб қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда адвокатура, адлия органлари ва муассасалари тизимини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Р. Давлетов Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатига кирувчи барча соҳалар бўйича мулоқот ва ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги