Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Фаолиятга баҳони халқ беради

2018-07-27 | Жамият

Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, ҳар бир инсоннинг тинч ва осуда ҳаёт кечириши учун муносиб шароитларни яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Хусусан, ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам бугун ўз самарасини бериб, республика миқёсида жиноятларнинг сезиларли камайишига эришилди.

Бу борада Қашқадарё вилояти ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабат шакллантириш бўйича амалга ошираётган ишларини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Аҳоли ўртасида манзилли ишлар олиб борилиши натижасида кўплаб жиноят турлари қисқарган, ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар эса тенг ярмига камайган. Бундан ҳам яхши натижага эришиш, ички ишлар органларини ҳақиқий халқ посбонига айлантиришда тизим раҳбарларининг қуйи бўғинда хизмат қилаётган ходимлар билан юзма-юз мулоқоти, уларга ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аниқ ва тушунарли ҳолда етказиши янада таъсирчан аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ички ишлар вазирининг қўшма фармойиши асосида Президент девони, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратуранинг масъул вакилларидан тузилган текширув гуруҳи Қашқадарёда иш бошлашидан кўзланган мақсад вилоят ички ишлар органларининг фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги фаолиятига баҳо беришдан иборат. Текширув гуруҳи ўз фаолияти давомида ҳар бир ходимнинг фуқаролар билан мулоқотда хушмуомалалигига, улар учун яратилган шарт-шароитлар ва йўл қўйилаётган камчиликларнинг туб сабабларига эътибор қаратмоқда.

Афсуски, вилоятнинг айрим ҳудудларида ҳуқуқ-тартибот идоралари кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноят содир қилган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатиш борасида баъзи камчиликлар ҳам кўзга ташланяпти. Айрим ходимлар тизимда бўлаётган ўзгаришларнинг асл мазмунини англамасдан, эскича услуб ва дунёқараш билан хизмат олиб бораётгани кузатилмоқда.

Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ходимларни ўқитиш, уларнинг кундалик хизмат фаолиятини «халқ манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида ташкил этиш, улар томонидан тамагирлик, порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби қонун ва хизмат интизомини бузиш ҳолатларига чек қўйиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар белгиланди.

Текширув гуруҳи вилоятнинг Нишон, Касби, Қарши, Муборак, Миришкор, Косон, Чироқчи, Шаҳрисабз туманлари ва Шаҳрисабз шаҳри ички ишлар органлари фаолияти билан танишди. Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов Қарши тумани ИИБ шахсий таркиби билан учрашувда ҳар бир ходимнинг соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан қанчалик хабардорлигига баҳо берди, фуқаролар билан хушмуомалада бўлиш ва бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар ҳақида сўз юритди. Хизмат интизомини бузаётган, ичкиликка ружу қўйган, ўз хизмат вазифасини унутган ходимларга ички ишлар органлари тизимида жой йўқлигини таъкидлади.

Маълумки, фуқароларга қулайлик яратиш, уларнинг муаммоларини ўша жойнинг ўзида ҳал этиш мақсадида мамлакатимизнинг барча шаҳар-туманларида ички ишлар бўлим (бўлинмалари) фаолияти йўлга қўйилди. Бу тажриба ўзини оқлаб, бугун ички ишлар бўлимлари аҳолига сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Қарши шаҳрида ҳам тўртта ана шундай ички ишлар бўлими бинолари қуриб битказилди. Вазир яқинда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган Қарши шаҳридаги 1 ва 4-ички ишлар бўлимлари билан яқиндан танишди, биноларда фуқароларга тез ва сифатли хизмат кўрсатиш борасида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, Қарши шаҳрида ички ишлар органлари ходимлари учун қуриб битказилган 48 хонадонли кўп қаватли уйда бўлиб, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Бундан ташқари, 11 минг нафардан ортиқ аҳоли «Отчопар» маҳалла фуқаролар йиғинига бориб, бу ерда хизмат қилаётган 32-сонли таянч пункти профилактика инспектори фаолияти билан яқиндан танишди. Маҳалла ҳудудида осойишталикни таъминлаш мақсадида ўрнатилган 16 та интеллектуал видеокузатув мосламасининг профилактика инспектори планшетига тўғридан-тўғри улангани ижобий ҳолат сифатида баҳоланди.

Вилоят ИИБ тасарруфидаги «Юлдузча» мактабгача таълим муассасаси ҳам эътибордан четда қолмади. Вазир бу ерда тарбиячилар, болажонлар билан суҳбатлашди. Муассасадаги шарт-шароитларни янада яхшилаш юзасидан топшириқлар берди.

Шу куни генерал-майор П.Бобожонов яқинда қуриб битказилган ва фойдаланишга топширилган Қарши тумани қўриқлаш бўлими ҳамда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси биноларига борди. Қўриқлаш бўлимида ходимлар учун яратилган қулайликлар, хусусан, кутубхона текширув гуруҳи аъзоларида яхши таассурот қолдирди. Кутубхона кўргазма учун эмаслиги, ундан ҳар бир ходим унумли фойдаланиши лозимлиги таъкидланиб, шахсий таркибнинг маънавиятини янада ошириш борасида кўрсатмалар берилди.

Жойларда ўтказилаётган бу каби учрашувлар ходимларни ўз вазифаларига сидқидилдан ёндашишга, янада фидойилик билан хизмат қилишга ҳамда халққа яқинлашишга ундаши шубҳасиз.

Текширув гуруҳи томонидан ички ишлар органларининг фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги фаолиятини ўрганиш ишлари давом этмоқда,-деб хабар беради ўз мухбиримиз Фозилжон Мамашарипов.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

Поделиться