Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистонда онкологик дори воситалари ва гемодиализ учун буюмлар ишлаб чиқарилади

2018-07-27 | Соғлиқни сақлаш

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов билан “Белфармпром” холдинг компанияси бош директори Валерий Шевчук ва Беларусь Республикасининг нуфузли фармацевт мутахассислари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда шундай келишувга эришилди.

Маълумки, онкологик касалликлар бугунги кунда бутун дунёда инсон саломатлигига жиддий таъсир этаётган долзарб тиббий-ижтимоий муаммолардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бундай касалликларга чалиниш кўрсаткичи йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Дунёда ҳар йили 16 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам 100 мингдан ортиқ бемор онкологик касалликлар бўйича ҳисобда туради. Бундай беморларга самарали тиббий ёрдам кўрсатишда замонавий тиббий препаратларнинг ўрни беқиёс.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Белфармпром” холдинг компанияси билан ҳамкорлиги ана шундай долзарб тиббий-ижтимоий масалаларни самарали ҳал этиш, инсон саломатлигини асраш ва тиббиёт ривожи йўлида муҳим қадам бўлди.

Айтиш жоизки, “Белфармпром” жаҳон фармацевтика саноатида етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб, бугунги кунда мазкур холдинг компания таркибидаги корхоналар ўз маҳсулотини дунёнинг ўттиздан зиёд давлатига экспорт қилмоқда. Эндиликда мазкур компания билан ҳамкорликда юртимизда онкологияда қўлланиладиган замонавий тиббий препаратлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхона ташкил этишга келишилди. Ўзаро мулоқотларда беларуслик мутахассислар мамлакатимиз қимматли табиий хомашё базасига бойлиги ҳамда тармоқлараро саноат кооперацияси яхши йўлга қўйилгани хорижий инвесторлар учун жуда катта қулайлик яратишини таъкидладилар. 

 

Яна бир муҳим лойиҳа – гемодиализ буюмлари ва сарфлаш материаллари ишлаб чиқариш борасидаги келишув бўлди. Гемодиализ – буйрак вазифасини бажарувчи даво муолажаси бўлиб, буйрак хасталигига чалинган беморлар ҳаётини асрашда бу усул муҳим рол ўйнайди. Бугунги кунда мамлакатимизда бу хизмат йўлга қўйилган ва замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштириляпти.

Учрашувда шунингдек, тиббиёт олий ўқув юртлари ва ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришга қаратилган икки томонлама шартномалар имзоланишига ҳам келишиб олинди.

Делегация аъзолари “Азия Трейд” фармацевтика корхонаси ва “Зоминфарм” эркин иқтисодий зоналарига ташриф буюриб, юртимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш борасидаги амалий ишлар билан бевосита танишадилар.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Поделиться