Шу йилнинг 18 августидан 2 сентябрга қадар Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида Ёзги Осиё ўйинлари бўлиб ўтишидан хабарингиз бор. Куни кеча мусобақанинг футбол ўйинлари тақвими бекор қилиниши, бошқатдан ўтказилиши ҳақида миш-миш тарқалди.
Ҳақиқатдан ҳам, 5 июль куни футбол ўйинларига қуръа ташланган, бироз кейинроқ БАА ва Фаластин термалари ҳам турнирга қўшилишларини маълум қилишди. Мусобақа ташкилотчилари эса қуръани бекор қилмади, аксинча, ўзига хос қуръа билан иккала термани гуруҳларга қўшиб қўйди. Унга кўра, БАА термаси Жанубий Корея, Қирғизистон, Малайзия ва Баҳрайн терма жамоалари жойлашган “Е” гуруҳидан ўрин олди, Фаластин эса Индонезия, Гонконг, Лаос ва Хитой Тайпейи билан биргаликда “А” гуруҳига жойлашди.
Хабарингиз бор, мазкур Осиё ўйинларининг футбол бўйича мусобақаларида Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Таиланд, Бангладеш ва Қатар терма жамоалари билан биргаликда “Б” гуруҳидан ўрин олган.
О. Юнусов, ЎзА
Манба: ЎзА