Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат марказида “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика кўрик-танлови ва Умумармия қўшиқлар фестивалининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Унда Чирчиқ, Наманган, Қарши, Нукус, Фарғона, Жиззах ва Бухоро гарнизонларида жойлашган ҳарбий қисмлар офицерлари ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар иштирок этди.
Иштирокчиларнинг ижро маҳорати таниқли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Кўрик-танловда ижро этилган қўшиқлар барчага манзур бўлди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, саф қўшиқлари йўналиши бўйича Нукус гарнизони офицерлар уйининг шартнома бўйича ҳарбий хизматчилари, оддий аскарлар Ақилбек Коразбеков ва Фаррух Одинаевлар жўровоз бўлиб куйлаган “Ватан сарҳади” қўшиғи билан биринчи ўринни эгаллади. Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси, кичик сержант Ҳотам Абдуллаев “Ўзбекистон мард посбонлари” қўшиғи билан иккинчи ўринни, Наманган гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси, кичик сержант Бобомурод Нуратов эса “Бу менинг батальоним” қўшиғи билан учинчи ўринни қўлга киритди.
Ҳарбий-ватанпарварлик йўналиши бўйича биринчи ўринни “Ватан” қўшиғини маҳорат билан ижро этган Ўзбекистон Қуролли Кучлари Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандаси, Қуролли Кучлар хизматчиси Шаҳриёрбек Остонбеков қўлга киритди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги хонандалари майор Санжар Раҳимов ҳамда кичик сержант Ҳилола Баратовалар “Ҳарбий учувчилар”, “Ўзбегим ҳарбийлари” қўшиқлари билан иккинчи ва учинчи ўринлардан жой олди.
Шунингдек, лирика ва эстрада қўшиқлари йўналишида ҳам ғолиблар аниқланди. Биринчи ўринни Фарғона гарнизонидан сержант Асомиддин Чоршанбиев қўлга киритди.
Абдулазиз Мусаев, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
Манба: ЎзА