Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқанд чет эллик инвесторлар эътиборида
2018-07-23 | Туризм
Жорий йилнинг 20 июль куни Бирлашган Араб Амирликларининг “Atlantis Holiday” туристик корхонаси асосчилари Самарқандга ташриф буюрдилар. Меҳмонларни Самарқанд вилояти ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари Мунис Восеев ҳамда Туризмни ривожлантириш департаменти ходимлари кутиб олишди.
Меҳмонлар Самарқанднинг бир қанча туристик объектларида бўлиб, тарихий-маданий мерос объектларимизга юқори баҳо беришди. Шу билан бирга корхона раҳбари Рашид Маҳмуд Абдулраҳим Алнури келгусида қурилиши режалаштирилган туристик объектлар лойиҳаси билан яқиндан танишди. Имом ал-Бухорий мажмуаси ҳамда Самарқанд Сити лойиҳаси инвесторларда катта қизиқиш уйғотди.
Шу куни 19:00 да Самарқанддаги “Registan Plaza” меҳмонхонасининг мажлислар залида туристик корхоналар вакиллари, ресторанлар ҳамда меҳмонхоналар раҳбарияти иштирокида учрашув ташкил этилди. Учрашув давомида туризм соҳаси бўйича ўзаро ҳамкорликни кенг йўлга қуйиш, соҳага инвестицияларни жалб этиш бўйича ҳамкорликда ишлаш юзасидан келишиб олинди. Рашид Маҳмуд Абдулраҳим Алнури Дубай тажрибасидан келиб чиқиб, ўз таклиф ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Ташриф якунида меҳмонлар Самарқандда бўлган кунлари абадий хотираларида сақланиб қолиши, ҳамда келажакда ҳудудга инвестицияларни киритишга иштиёқлари баландлигини алоҳида таъкидлашди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги