Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
МДҲга аъзо давлатларнинг ички ишлар вазирлари Бакуда йиғилдилар
2018-07-23 | МДҲ
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов бошчилигидаги делегация 20 июль куни Озарбайжон Республикасининг Баку шаҳрида ўтказилган МДҲга аъзо давлатларнинг ички ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Ишчи йиғилишда Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон Республикалари, Россия Федерацияси, МДҲ Ижроия қўмитаси, МДҲга аъзо давлатлар ҳудудларида уюшган жиноятчилик ва жиноятларнинг бошқа хавфли турлари билан курашишни мувофиқлаштириш бюроси, Интерпол ва Марказий Осиё минтақавий ахборот ва мувофиқлаштириш маркази (ЦАРИКЦ) вакиллари иштирок этди. Учрашувда илгари тасдиқланган кун тартибига мувофиқ 10 та масала муҳокама қилинди.
Кенгашда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов йиғилганларга республикада шунингдек, ички ишлар органлари тизимларида ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан ахборот берди.
Жумладан, вазир 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси томонидан МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши ва ҳукумат раҳбарлари кенгаши томонидан тасдиқланган қарори, давлатлараро турли турдаги жиноятлар билан курашиш дастури ижросини бажарилишини натижалари ҳақида таништирди.
Кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича МДҲ ички ишлар вазирлар кенгашининг тегишли қарорлари имзоланди.
МДҲ Ички ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2019 йилда Ўзбекистон Республикасида бўлиб ўтади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги