Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ментал арифметика бўйича халқаро олимпиада ғолиблари тақдирланди
2018-07-20 | Жамият
Пойтахтимиздаги Ёшлар пресс-клубида яқинда Сингапурда бўлиб ўтган Ментал арифметика бўйича халқаро олимпиадада муваффақиятли иштирок этган ёш билимдонларимизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 3 июнь куни "Даҳолар лабораторияси мактаби" нодавлат таълим муассасасининг 9 нафар ўқувчиси Сингапурда ментал арифметика бўйича бўлиб ўтган халқаро олимпиадада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилганди. Улар яккалик баҳсларда 365 финалчилар орасида совринли ўринларни эгаллаб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритди.
Зуҳриддин Фахриддинов, Саид Рашидов, Элиф Аҳмедова, Амалхон Хайрутдинов, Рисолат Муталова, Муҳаммадамин Нормуҳаммедов, Абдуқодир Нормуҳаммедов каби ёш билимдонларимиз халқаро миқёсда Ўзбекистон ёшларининг нималарга қодир эканини яна бир бор намойиш этди.
"Даҳолар лабораторияси мактаби" нодавлат таълим муассасасининг 33 ўқувчиси 14 июнь куни Иссиқкўлда (Қирғизистон) бўлиб ўтган халқаро олимпиадада ҳам қатнашиб қайтди. Улар 500 финалчилар орасида 18 та совринли ўринларни қўлга киритди.
Тадбирда интеллектуал беллашув ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Назокат Усмонова, ЎзА
Манба: ЎзА