Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Рангларда нур ва жозиба
2018-07-19 | Маданият
Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги, «Дўстлик» ордени соҳиби, таниқли рассом Аслиддин Исаевнинг «Рангларда нур ва жозиба» номли кўргазмаси очилди.
Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейининг кўргазмалар залида Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Бадиий академияси кумуш ва олтин медаллари соҳиби, ўнга яқин халқаро кўргазмалар иштирокчиси, маҳоратли рассом Аслиддин Исаевнинг “Рангларда нур ва жозиба” номли кўргазмаси очилди.
Кўргазмада рассомнинг юзга яқин рангтасвир асарлари намойиш этилмоқда. Ушбу асарлар кишини чуқур фикрлашга чорлайди, уларда фалсафий қарашлар илгари сурилади.
Рассом ўз бадиий асарлари билан кўплаб республика ва халқаро кўргазмаларда иштирок этган. Болгария, Чехословакия, Польша, Германия, Ҳиндистон, АҚШ, Япония, Франция, Англия, ва Италия давлатларида ташкил этилган кўргазмаларда фаол иштирок этган. Асарлари АҚШ, Италия, Франция, Корея Республикаси, Германия, Туркия, Миср, Ҳиндистон, Россия давлатларида ҳамда Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон давлат санъат музейи, Хоразм, Бухоро, Жиззах вилоятларидаги музейларда ва Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида сақланмоқда.
Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий Академияси бошқарма бошлиғи И.Валихожаев, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси А.Бакиев, меҳнат фахрийси Н.Якубов, “Махалла” жамоат фонди вилоят бўлими раиси М.Бобоёров сўзга чиқиб, рассомнинг ижод йўли, фаолияти тўғрисида илиқ фикрлар билдирдилар.
Шунингдек, тадбирда рассомлар, уста хунармандлар, журналистлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Кўргазма музей залида икки ой давомида намойиш этилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги