Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқанд шаҳрида тўрт юлдузли меҳмонхона пайдо бўлиши мумкин
2018-07-19 | Жамият
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов Германиянинг “Plaza Hotelgroup GmbH” компанияси таъсисчилари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда “Best Western” бренди остида бутун дунёга замонавий меҳмонхоналар қурилиши учун маҳсулотлар етказиб берувчи мазкур компаниянинг салоҳияти тақдим этилди.
Таъкидлаш лозим, “Plaza Hotelgroup GmbH” компаниясига 2002 йилда асос солинган. Ҳозирги кунда компания Германия, Австрия, Голландия ва Чехия давлатларида жаҳон стандартларига жавоб берувчи 34 та меҳмонхонасига эга.
Шунингдек, компания жаҳонда энг тез ривожланаётган замонавий меҳмонхона қурилиши ва реконструкция қилиниши, уни интергациялашган тизимда бошқариш имкониятига эга. Барча меҳмонхоналар халқаро тан олинган “Best Western” бренди остида бошқарилади.
“Best Western” брендининг Ўзбекистонга кириб келиши мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш, замонавий меҳмонхоналар бунёд этиш ҳамда сайёҳларга юқори даражада хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиради.
Компания Ўзбекистонга меҳмонхоналар тармоғи бўйича 100 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритишни мўлжаллаган. 3-5 йил давомида 8 та меҳмонхона қуриб, фойдаланишга топширилиши мумкин.
Учрашувда Самарқанд шаҳрида “Best Western” халқаро бренди остида 4 юлдузли меҳмонхона қуриш таклифи билдирилди.
Манба: Самарқанд вилояти ҳокимлиги