Маълумки, жорий йилнинг 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат лойиҳасини БМТга аъзо барча мамлакатлар бир овоздан қўллаб-қувватлади.
Халқаро пресс-клубнинг «БМТнинг Марказий Осиё бўйича биринчи резолюцияси: ўзбек дипломатиясининг тарихий ютуғи» мавзуидаги навбатдаги сессиясида ушбу резолюциянинг қабул қилиниши жараёни, мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди. Унда сенаторлар, Ташқи ишлар вазирлиги, дипломатик корпус вакиллари, экспертлар иштирок этди.
Ушбу резолюция Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббуснинг амалий натижасидир.
Марказий Осиё дунёдаги энг ёш минтақалардан бири ҳисобланади. Ушбу резолюцияда айнан шу минтақанинг барча давлатлари, шунингдек, Афғонистоннинг позицияси, қарашлари муштарак аксини топган.
БМТ маълумотига кўра, сўнгги 10 йил давомида Марказий Осиё давлатлари ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиши ўртача 6,2 фоизни ташкил қилган бўлса, бутун дунёда бу кўрсаткич 2,6 фоизга тенгдир. Бу эса Марказий Осиёнинг истиқболли минтақа эканини англатади.
ЎзА мухбири анжуманнинг айрим иштирокчилари билан суҳбатлашди.
Содиқ САФОЕВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари:
– Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча давлатлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш учун қатъий, аниқ қадамларни қўймоқда. Мамлакатимизнинг минтақа бўйича янги сиёсат юрита бошлагани бу ерда йиғилиб қолган масалаларни ечиш йўлида ўз вақтида қўйилган самарали қадам бўлди, деб ўйлайман. Шу нуқтаи назардан ушбу резолюция орқали Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг жадаллашиши минтақадаги сиёсий муҳитни тубдан ўзгартириш, конструктив ҳамкорлик ўрнатиш ва яхши қўшнилик муносабатларини мустаҳкамлашга замин яратади.
Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Осиё ва Африканинг 55 мамлакати ушбу резолюция ҳаммуаллифлари бўлди. Ҳужжатни ишлаб чиқиш бўйича маслаҳатлашувларда Марказий Осиёнинг барча етакчи ҳамкор давлатлари, жумладан, Россия, Хитой, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари фаол ва конструктив иштирок этди. Бу шубҳасиз Марказий Осиёнинг яхлит минтақа сифатида ривожланишида муҳим босқичдир.
Владимир НОРОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори:
– Ҳужжатда минтақа мамлакатлари томонидан Марказий Осиёда барқарорлик ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ва ташаббусларни БМТ Бош Ассамблеяси қўллаб-қувватлаши баён этилади. Минтақанинг асосий муаммолари бўйича Марказий Осиёдаги 5 давлатнинг умумий позицияси белгиланган. Хусусан, Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш, сув ва энергия манбаларидан унумли фойдаланиш, экологик муаммоларни ечиш, транспорт ва транзит тизимини ривожлантириш каби соҳаларда минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилади.
Бугунги кунда Марказий Осиёда барқарор ва самарали ҳамкорлик учун барча зарур шарт-шароит мавжуд. Юқори технологияга асосланган ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, агросаноат сектори ва туризм соҳасини такомиллаштириш, иқтисодиётнинг реал секторига йирик хорижий инвестицияларни жалб этиш учун улкан салоҳият бор. Шу ўринда қайд этиш жоиз, ўтган бир-икки йил давомида айнан Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро савдо айланмаси 20-30 фоизга ошди. Баъзи қўшни давлатлар ўртасида эса бу кўрсаткич 70 фоизгача ўсди.
Абдужаббор АБДУВОҲИДОВ, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори:
– Ушбу резолюциянинг бир овоздан қабул қилиниши Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган очиқ ва конструктив ташқи сиёсат туфайли Марказий Осиёда шаклланган мутлақо янги, ўзаро ишонч муҳити халқаро миқёсда кенг эътироф этилаётганидан далолат беради. Халқларини минг йиллик биродарлик ва яхши қўшнилик ришталари, муштарак тарих, дин, маданият ва анъаналар боғлаб турган Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади.
Резолюция Марказий Осиёнинг умумий муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга қодир яхлит минтақа сифатида шаклланишида муҳим босқич бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Нурилло Насриев, ЎзА
Манба: ЎзА