Мамлакатимизда илмий ва илмий-техникавий фаолиятни амалга ошириш, илмий-техникавий ва инновацион ривожланишни таъминлаш учун қулай шарт-шароитларни яратишда мавжуд молиявий ва моддий ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 2014-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан илмий-амалий ва инновацион лойиҳалар ҳамда ишланмаларни молиялаштириш учун қарийб 800 миллиард сўм ажратилиб, уларнинг натижаларига кўра илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан 700 дан ортиқ ихтиро патентлаштирилди.
Шу билан бирга, иқтисодиётнинг жадал ривожланиши мамлакат илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий ва илмий-техникавий фаолияти натижаларини тижоратлаштиришда мавжуд салоҳиятдан янада тўлиқ фойдаланиш заруратини тақозо этмоқда.
Бироқ, илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларидан амалда фойдаланишнинг таҳлили уларни яратиш, ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва жорий этиш жараёнида тизимли муаммолар мавжудлигидан далолат бермоқда.
Маълумотларга кўра, охирги 5 йил ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган ва патентланган ихтиролар сонининг йилига 0,5 фоизини ташкил этган. Бу тижоратлаштириш даражаси етарли эмас.
Президентимизнинг жорий йил 14 июлдаги “Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни тартибли йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур қарорда соҳани такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар белгиланди.
Манба: ЎзА