Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг Қатардаги Элчиси ишонч ёрлиқларини топширди
2018-07-18 | Сиёсат
2018 йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон Республикасининг Элчиси Бахромжон Аълоев (қароргоҳи Қувайтда) Қатар Давлати амири ўринбосари шайх Абдулла бин Ҳамад Аль Танига ўзининг ишонч ёрлиқларини топширди.
Қисқа маросимдан кейин бўлиб ўтган суҳбат чоғида Қатар амири ўринбосари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга амир Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг самимий ҳурмат ва эҳтиромини етказиб қўйишни сўради. «Биз Ўзбекистон раҳбариятининг Марказий Осиёда минтақавий интеграция, барқарорлик ва тинчликни таъминлаш, шунингдек араб-мусулмон дунёси давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фаол ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз», – деди у.
Томонлар икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий-техник ҳамкорликни жадаллаштириш муҳимлигини эътироф этдилар. Ўзбекистонда чет эл инвестициялари учун яратилган қулай шароитлар унинг иқтисодиётига Қатар инвестицияларининг жалб қилинишига замин яратиши таъкидланди.
Шайх Абдулла бин Ол Соний Ўзбекистон раҳбарига чуқур ҳурматини изҳор этди ва соғлик, бахт ва мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш борасида ўз олдига қўйган барча вазифаларни амалга оширишида улкан ютуқлар, ўзбек халқига тараққиёт ва тинчлик тилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги