Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги институтига Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарияти ҳамда ходимлари ташриф буюрди. Уларга республикамиздаги таълим муассасаларида ёшларимизга корейс тили ва информатика фанларидан сабоқ бериб келаётган кореялик кўнгиллилар ҳамроҳ бўлишди.
Меҳмонларга институт профессор-ўқитувчилари томонидан аҳоли турар жойлари, маъмурий ва ишлаб чиқариш бино ва иншоотларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, ёнғинларнинг олдини олиш, ёнғин содир бўлган вазиятларда ҳаракатланиш тартиби, ёнғин ўчириш ҳамда газ ва тутундан ҳимояланиш воситаларини қўллаш тартиблари тўғрисида назарий ва амалий машғулотлар орқали кўрсатиб берилди.
Ёнғин ўчириш воситалари ва техникаларини қўллаш, ёнғин ўчирувчининг шахсий ҳимоя воситаларини ишлатиш принциплари, шунингдек, юртимизда ишлаб чиқарилган “ISUZU” русумли ёнғин ўчириш машиналарининг техник хусусиятлари ва имкониятлари намойиш этилди. Институт ходимларининг ёнғин ўчириш амалий спорт турлари бўйича кўргазмали чиқишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир иштирокчилари келгусида ваколатхона билан институт ўртасида илмий ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўқув-услубий, курсантлар ва профессор-ўқитувчилар таркибини тил ўрганиши йўлида кўмак кўрсатиш бўйича ҳам келишиб олишди.
Нурилло Насриев, ЎзА
Манба: ЎзА