Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қонун ижодкорлиги ва парламент назорати: Ўзбекистон тажрибаси — экспертлар нигоҳида
2018-07-17 | Жамият
Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи йўналиши сифатида белгиланган. Бунда давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш ҳамдақабул қилинаётган қонунларнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирган ҳолда қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш долзарб вазифа ҳисобланади.
2018 йил 16 июль куни Тошкент шаҳрида “Сиёсий тизимни демократлаштириш ва модернизация қилиш шароитларида қонун ижодкорлиги ва парламент назорати: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуcида ўтказилган халқаро давра суҳбатида қатнашчилар эътибори айни шу жаҳатларга қаратилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, мутахассислар, экспертлар, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, сиёсий партиялар, хорижий парламентлар вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этган ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш, таъсирчан парламент назоратини таъминлаш, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини ошириш борасидаги миллий ва халқаро тажрибани таҳлил қилиш ҳамда амалиётда кенг қўллашга қаратилгани билан аҳамиятга моликдир.
Халқаро давра суҳбатида қатнашчилар мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, жумладан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида сиёсий тизимни демократлаштириш ва модернизация қилиш шароитларида қонун ижодкорлиги, парламент назорати соҳасидаги ислоҳотлар билан батафсил таништирилди.
Иштирокчилар мамлакатимиз парламентаризми асосларининг қарор топиши ва ривожланиши, Олий Мажлис, унинг институтлари фаолиятининг муҳим йўналишларини такомиллаштириш, энг асосийси, парламент назоратининг самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор мақсадларидан бири сифатида эътироф этилганини таъкидладилар. Шу боис, Ўзбекистонда парламентни изчил, узлуксиз ва тадрижий ривожлантириш ҳамда унинг давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ролини кучайтириш учун мустаҳкам қонунчилик базаси, ташкилий-институционал имкониятлар яратилгани эътироф этилди. Чунончи, ўтган йиллар мобайнида Олий Мажлис томонидан парламент фаолияти, хусусан самарали ва таъсирчан парламент назоратини амалга оширишга ҳуқуқий асос бўладиган 10 дан зиёд қонун қабул қилинди.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонун, “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонун, шунингдек мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва уни модернизация қилишда Олий Мажлиснинг ролини янада кучайтириш борасидаги вазифа устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда парламент аъзолари билан ўтган учрашувдаги нутқида парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочисига айланиши зарурлигини таъкидлагани, 2017 йил 22 декабрда эса, Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида парламентнинг бугунги давр нуқтаи назаридан энг устувор вазифаларини белгилаб бергани мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта янгиликларга йўл очди.
Миллий ва хорижий экспертлар фикрича, Ўзбекистон Президентининг Мурожаатномаси Олий Мажлис палаталарининг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасидаги фаолиятини янада яхшилашга катта туртки берди. Таъкидланишича, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тайёрлаш бўйича Ишчи комиссиясининг ташкил этилиши Олий Мажлис қонунчилик фаолиятига янгича мазмун бағишлаши шубҳасиздир.
Давра суҳбатида қонун ижодкорлиги ва унинг долзарб масалалари, парламент назоратининг шакллари, услублари, уни амалга оширишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, фуқаролар, фуқаролик жамияти институтларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш хусусида сўз юритилди.
Ўз навбатида, хорижий экспертлар томонидан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Канада ҳамда бошқа ривожланган мамлакатларда қонун ижодкорлигининг замонавий усуллари ва принциплари, парламент назорати амалиётининг қиёслама таҳлили, давлат бошқаруви тизимида сиёсий партияларнинг ўрни тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мамлакатимизда қонун ижодкорлиги фаолиятини ва парламент назоратини янада яхшилашга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси