Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Судьялар қасамёд қабул қилди
2018-07-17 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда биринчи марта лавозимга тайинланган жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлари судьяларининг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.
Судьялар, Судьялар олий кенгаши аъзолари, ота-оналар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда Олий суд раиси К.Комилов ва бошқалар мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самара бераётганини алоҳида таъкидлади.
Сўнгги йилларда юртимизда суд-ҳуқуқ соҳаси фаолияти самарадорлигини ошириш, судьяларни танлаш тартибини такомиллаштириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарорлари чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга ошрилди.
Мажлисда Судьялар олий кенгашининг 2018 йил 12 июлдаги қарори билан илк бор беш йиллик муддатга судьялик лавозимига тайинланган 25 нафар судья қасамёди эшитилди.
– Қасамёд барчамиз учун юксак шараф бўлиб, улкан масъулият юклайди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Нишон тумани суди раиси лавозимига тайинланган Шаҳобиддин Ҳасанов. – Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди. Одил судловни амалга ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш бўйича вазифаларни белгилаб берди. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, биз ҳам бошланаётган фаолиятимизда адолат мезонларини асос қилиб олишимиз зарур. Ана шундай масъулиятли вазифага киришар эканман, юрагим ҳаяжонга тўлган.
Тадбирга ташриф буюрган ота-оналар янги судьяларга оқ фотиҳа бериб, энг яхши тилакларни билдирди.
– Ўғлимнинг халқ манфаатини ҳимоя қилувчи масъулиятли вазифага тайинланиб, қасамёд қабул қилганидан қалбим ғурурга тўлди, – дейди сирдарёлик Зулфия ая Қурбонова. – Ўғлим шундай шарафли касб эгаси бўлиб, вилоятимиз аҳолисига сидқидилдан хизмат қилишига ишонаман. Ҳар бир ота-она учун фарзанди эришаётган ютуқларни, жамиятимизга керакли инсон бўлаётганини кўриш олий бахтдир. Шундай экан, биз ҳамиша уларнинг келгуси ишларига омад тилаймиз.
Маросимда қасамёд қабул қилган судьяларга гувоҳномалар топширилди.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА
Манба: ЎзА