Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида

2018-07-16 | Жамият

2018 йил 13 июль куни  Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унинг ишида парламент ва ҳукумат аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ходимлари иштирок этди.

Қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йил 29 июнь куни Олмазор туманига   ташрифи давомида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

 Давлатимиз раҳбарининг туман фаоллари билан ўтказилган йиғилишда берган топшириқлари ижроси юзасидан қўшма мажлисга тайёргарлик кўриш бўйича Олий Мажлис палаталари ҳамда Ҳукумат томонидан тегишли “йўл харита”лари тасдиқланган эди. Мазкур “йўл харита”ларига асосан тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тайёрланган тақдимотлар ва ахборотлар қўшма мажлис  иштирокчиларига ҳавола этилди.

 Таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсадлар рўёбига қаратилган ташриф давомида Давлат раҳбари томонидан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари зиммасига туманда мисли кўрилмаган тараққиёт даражасини таъминлашга хизмат қиладиган вазифалар юклатилди. Ўз навбатида, парламент, маҳаллий депутатлик корпуси ҳамда жамоат ташкилотларига мазкур вазифалар ижроси юзасидан таъсирчан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш вазифаси топширилди.

Сўзга чиққанлар туманга инвестицияларни жалб этиш, кичик саноат зоналари фаолиятини самарали йўлга қўйиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолаётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Хусусан, ушбу йўналишда “Ўзэлтехсаноат”, “Ўзтўқимачисаноат”, “Ўзчармсаноат”, Фармацевтика агентлиги зиммасига Олмазор туманида замонавий ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш вазифаси юклатилганди. Унинг амалга оширилиши юзлаб янги иш ўринларининг ташкил этилишига, пировардида ҳудуд ободлиги ва аҳоли турмуш фаровонлиги юксалишига хизмат қилиши муқаррарлиги қайд этилди.

Қўшма мажлисда мазкур инвестицион дастурлар юзасидан мутасадди ташкилотлар тақдимотлари эшитилди.

Бундан ташқари, Олмазор туманида уй-жой коммунал соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган камчиликларни бартараф этиш масалалари муҳокама этилди. Айниқса, кўп қаватли уйлардаги канализация тармоқлари аҳволи, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш билан боғлиқ муаммолар, ободонлаштириш борасидаги жиддий камчиликлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани эътироф этилди.

Шу билан бирга туманда аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида иш ўринлари тўғрисида ҳисоботларга қўшиб ёзиш, нотўғри маълумотлар киритиш, мавсумий иш ўринларини яратиш ҳамда ишга жойлашаётганлар учун иш ҳақининг кам белгиланиши каби салбий ҳолатлар ҳамон кузатилаётганлиги қайд этилди.

Қўшма мажлисда туман тиббий хизматининг аҳволи, мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим тизимидаги масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Муҳокама жараёнида ушбу соҳалардаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан Уй-жой коммунал хўжалиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача таълим ҳамда Халқ таълими вазирларининг тақдимот ва ахборотлари эшитилди.

Туманнинг бугунги ва истиқболдаги тақдири учун ҳал қилувчи куч бўлган ёшларни тарбиялаш, уларнинг беқиёс куч ва имкониятларини эзгу мақсадлар рўёбига тўлиқ сафарбар этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айниқса,    ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш масаласи доимий диққат марказида туриши зарур. Бу борада  муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, ушбу йўналишдаги ишлар натижаларидан қаноат ҳосил қилиб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди.

Айтиб ўтилганидек, осойишталикни, барқарор тартиб-интизомни таъминлашга нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, балки кенг жамоатчилик ҳам муҳим вазифа сифатида янада жиддий эътибор қаратиши лозим.

Бу борадаги муамоларни бартараф этиш юзасидан  “Ёшлар келажагимиз” дастури доирасида Олмазор туманида тадбирларни ўтказиш, маҳаллаларда “Ёшлар меҳнат гузарлари”ни қуриш бўйича тақдимот ҳам намойиш этилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида ишлаб чиқилган “Обод маҳалла” дастури доирасида халққа энг яқин бўғин сифатида маҳалла институти фаолиятини янада яхшилаш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан эканлиги айтиб ўтилди.

Мажлис иши якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган ва Олмазор туманида амалга оширилиши лозим бўлган комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди, тақдимотлар асосида “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

Поделиться