Балиқчиликни ривожлантиришда интенсив технологияларни жорий этиш борасида ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар кўп.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим йўналишларидан бири бўлган балиқчиликни ривожлантиришда интенсив технологияларни жорий этиш, малакали кадрлар тайёрлаш борасида ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар кўп.
Президентимизнинг жорий йил 6 апрелдаги “Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳага инвестицияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
– Тармоқда интенсив технологияларни жорий этиш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш цехлари ва сақлаш омборлари ташкил этиш кўзда тутилган, – дейди Навоий вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасининг балиқчилик бўйича бош мутахассиси Л.Тўрақулов. – Нурота ва Хатирчи туманларида 30, Кармана, Конимех туманларида 15 гектарли ихчам қурилмали сунъий сув ҳавзалари ташкил этилди. Қизилтепа туманида “Mr Fish Company”, “Аква-Тўдакўл”, “Қуйи Зарафшон” корхоналари томонидан 737 дона қафас мосламаси ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда уларни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Қизилтепа туманидаги балиқчиликка ихтисослашган “Gold Like Fish” масъулияти чекланган жамияти жорий йилда ўз фаолиятини бошлади. Корхона “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан шартнома асосида балиқ парваришлаш учун Тўдакўлни ўн йилга ижарага олди. Бу ерга Андижон ва Жиззах вилоятларидан интенсив технология асосида балиқ боқишга мўлжалланган 6х6 ҳажмда, чуқурлиги тўрт метр бўлган 500 дона қафас келтирилган. Ҳозирги кунгача уларнинг 300 таси кўлга ўрнатилиб, ҳар бирида 2 минг 250 донадан “Карп”, “Зоғора”, “Оқ амур” каби балиқ турлари парваришланмоқда. Йил охирига қадар боқилиб, оғирлиги 1-1,5 килограммга етган балиқлар сотувга чиқарилади.
– Интенсив технологиянинг афзаллиги кичик майдонда ҳам мўл маҳсулот етиштириш имконини беради, – дейди “Gold Like Fish” МЧЖ раҳбари П.Рўзиқулов. – Балиқ парваришлашда керакли тавсиялар олиш учун Наманган вилоятидан мутахассис чақиртирганмиз. У корхонамиздаги 20 нафар ишчига сабоқ бермоқда. Парваришлаш тартиби мукаммал бажарилганда балиқлар тез тош босади. Келгуси йил учун қафасларга чавоқ тайёрлаш мақсадида 4 миллион 500 минг дона балиқ личинкаси махсус ҳавзаларда парваришланмоқда. Айни пайтда балиқ боқиш учун махсус гранулаланган ем ишлаб чиқарадиган цех очиш режалаштирилган. Хитойдан балиқ фелеси, котлет, сосиска, консерва тайёрлайдиган махсус технология келтириб 2019 йилнинг 1-чорагида заводни ишга туширмоқчимиз. Янги объект фаолият бошлаши билан яна 100 иш ўрни яратилади.
Мухтасар айтганда, интенсив технологиялар жорий этилиши сердаромад тармоқнинг жадал ривожланишида муҳим ўрин тутмоқда.
Нуриддин Раҳимов, ЎзА
Манба: ЎзА