Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари 2018 йилнинг 1-ярим йилида ўтказган назорат тадбирлари натижалари тўғрисида маълумот
2018-07-16 | Иқтисодиёт
Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2018 йилнинг 1-ярим йилида Ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг топшириқлари асосида давлат молиявий назорати тадбирлари ўтказилди.
Ўтказилган жами 2 837 та назорат тадбирларидан 2 334 тасида молиявий интизомга риоя қилинмай сарфланган маблағлар 279,2 млрд.сўмни, шундан камомад ва ўзлаштиришлар 35,9 млрд.сўмни, ноқонуний харажатлар 122,6 млрд.сўмни ва Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғармалар маблағлари ҳисобидан мақсадсиз ишлатилган маблағлар 120,7 млрд.сўмни ташкил этди.
Назорат тадбирларини ўтказиш жараёнида ва унинг натижалари юзасидан берилган кўрсатмаларга асосан аниқланган 56,8 млрд.сўм миқдоридаги нотўғри сарфланган маблағлар белгиланган тартибда тикланиши таъминланди ҳамда 1 547 та назорат тадбирлари ҳужжатлари ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.
Жумладан:
I. Бюджет ва бюджет маблағлари олувчи ташкилотлар бўйича ўтказилган 2 275 та назорат тадбирларидан 1 887 тасида 21,7 млрд.сўм маблағ нотўғри сарфланганлиги аниқланди, шундан 1 126 та субъект бўйича (18,7 млрд.сўм) назорат тадбири материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.
Шунингдек, бюджет интизомини бузган бюджет ташкилотларининг 62 нафар раҳбар ва мансабдор шахслари 34,1 млн.сўм миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилди.
II. Давлат мақсадли ва молия вазирлиги ҳузуридаги жамғармалар маблағлари ҳисобидан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан 382 та назорат тадбирлари ўтказилиб, уларнинг 329 тасида 127,3 млрд.сўмлик ноқонуний харажатларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Аниқланган ноўрин ва мақсадсиз харажатлардан 27,9 млрд.сўми белгиланган тартибда тикланди, 96,8 млрд.сўм миқдорида молиявий қонун бузилишлар аниқланган 276 та текшириш материаллари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.
III. Ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қарор ва фармойишларига асосан 95 та хўжалик юритувчи субъектларда молиявий хўжалик фаолияти юзасидан назорат тадбири ўтказилиб, шундан 85 тасида 103,6 млрд.сўм миқдорида ноқонуний харажатлар аниқланди ҳамда текшириш материаллари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.
Ушбу субъектларда аниқланган 11,5 млрд.сўм миқдоридаги ноқонуний харажатларни тикланиши таъминланди.
IV. “Ўзпахтасаноат” АЖ тизимидаги пахта тозалаш корхоналарида 2017 йил ҳосилидан тайёрланган пахта хомашёсини қабул қилиш, қайта ишлаш, пахта маҳсулотларини сотиш ва пахта етиштирувчи хўжаликлар билан топширилган пахта хомашёси бўйича якуний ҳисоб-китобларнинг ҳаққонийлиги юзасидан ўтказилган 31 та назорат тадбирларининг 21 тасида 25,2 млрд.сўмлик ноқонуний ҳолатлар аниқланди ҳамда текшириш материаллари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.
V. Бошқа йўналишлар (Ҳукумат томонидан кафолатланган кредит, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва бошқалар) бўйича 32 та назорат тадбирлари ўтказилиб, уларнинг 28 тасида 1,3 млрд.сўм миқдорида камомад, ўзлаштириш ва ноқонуний харажатларга йўл қўйилганлиги аниқланиб, шундан 0,7 млрд.сўми белгиланган тартибда бюджетга тикланиши таъминланди.
Шунингдек, молиявий қонун бузилишлар аниқланган 1,3 млрд.сўм миқдоридаги 30 та текшириш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.
VI. Ҳисобот даврида Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига жисмоний шахслардан жами 406 та мурожаатлар келиб тушди, шундан 65 таси тегишлилиги бўйича бошқа идораларга юборилди, 45 таси бир хил мавзудаги такрорий ва 28 таси дубликат мурожаатларни ташкил қилади, 12 таси аноним деб топилди.
Жисмоний шахсларнинг 223 та мурожаатлари ўрганиб чиқилди, шундан уларда қайд қилинган ҳолатлар 30 тасида тўлиқ, 72 тасида қисман тасдиқланди ва 121 тасида ўз исботини топмади, 23 та мурожаат ўрганиш жараёнида.
Шунингдек, жисмоний шахсларнинг мурожаатлари бўйича 402 млн.сўм миқдорида молиявий хатоликлар аниқланган 31 та ўрганиш материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги