Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вилоят ҳокими ёшлар билан учрашди
2018-07-13 | Жамият
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев шаҳар ва туманларда ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказмоқда.
Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу орқали уларнинг фаоллигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, истиқболли ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш давлатимизни барқарор ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди.
Ҳудудларда ташкил этилган юзма-юз мулоқотлар мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти, ундан келиб чиқадиган вазифалар ва ёшлар тақдирига дахлдор масалаларга бағишланди.
Фурқат туманида ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви аввалида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда 30 ёшга ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Ярмарка доирасида ҳудуд ёшлари рассомлик, шеърият, рақс ва бадиий ижод соҳасидаги истеъдод ва маҳоратини намойиш этди. Бешариқ, Ўзбекистон ва Фурқат туманларидан 230 га яқин ёшлар қатнашган самимий мулоқот давомида вилоят ҳокимига мурожаат этган 34 йигит-қизга тижорат банкларининг имтиёзли кредити ажратилишига келишиб олинди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирган 12 ёшга фойдаланилмай турган бино-иншоотлар “ноль” қийматда ижарага бериладиган бўлди. 5 ёшнинг ўқишга кириш масаласи ижобий ҳал этилиб, яна шунча фаол ёшлар учун ҳудудларда ёш оилалар учун қурилаётган янги уйлардан хонадонлар ажратиш тавсия этилди.
Учкўприк туманида бўлиб ўтган мулоқотда бевосита вилоят ҳокими кўмагида олий маълумотга эга, лекин вақтинча ишсиз бўлган 7 ёш мутахассис ишга жойлаштирилди. Бизнес лойиҳалари билан қатнашган йигит-қизларнинг 35 нафари энг кам иш ҳақининг 150 баробари миқдорида тижорат банкидан имтиёзли кредит оладиган бўлди. Қишлоқ хўжалиги соҳасига қизиққан 20 ёшга такрорий экинлар экиш ва боғдорчилик хўжалиги ташкил этиш учун 1 гектардан ер майдони ажратиш бўйича мутахассисларга керакли йўл-йўриқлар берилди.
Риштон ва Бағдод туманлари ёшлари иштирокида Риштон тумани ҳокимлигида ташкил этилган учрашув ҳам самарали, амалий мулоқотларга бой бўлди. Вилоят ҳокими билан юзма-юз суҳбатлашган йигит-қизлар мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ва рағбатдан мамнун эканлигини билдирди.
– Бу ҳудудларда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказиш орқали ёшларга қисқа муддатда 529 иш ўрни тавсия этилди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилояти кенгаши бўлим бошлиғи Зоҳиджон Тўраев. – Шу тариқа 74 йигит-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. 47 ёш эса “устоз-шогирд” анъаналари асосида тажрибали ҳунармандларга бириктирилди. 280 навқирон авлод вакили шартнома асосида фермер хўжаликларида ишлайдиган бўлди. 120 ёш тадбиркор расмий равишда давлат рўйхатидан ўтказилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган 8 ёшга “Агробанк”, “Халқ банки” ва “Микрокредитбанк” томонидан жами 352 миллион 500 минг сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланди.
Учрашувларда таъкидланганидек, жорий йил 1 июлдан мамлакатимизда “Yoshlar-kelajagimiz” жамғармаси ва унинг шаҳар, туман филиаллари ташкил этилди. “Yosh tadbirkorlar” кворкинг марказлари ҳамда “Yoshlar mehnat guzari” мажмуалари қуриш давлат-хусусий шериклик шартлари бўйича амалга оширилади.
Юзма-юз мулоқотларда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижросини таъминлаш, ёшларни тадбиркорликка янада кенг жалб этиш, уларнинг муаммоларини амалий ҳал этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
Манба: ЎзА