Исроил давлатининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эдуард Шапира Қорақалпоғистонга икки кунлик сафар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ижобий самаралар бераётганини таъкидлади.
Ўз навбатида, элчи истиқболда қишлоқ хўжалиги, туризм, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаларини янада ривожлантириш, Оролбўйида юзага келган экологик муаммоларни юмшатиш борасида ҳамкорлик икки томон учун ҳам бирдай манфаатли эканини қайд этди.
Учрашувдан сўнг меҳмонлар БМТ Тараққиёт дастурининг Қорақалпоғистондаги офисида бўлиб, “Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ушбу лойиҳа 2014 йил май ойида бошланган бўлиб, 2019 йилнинг май ойига қадар давом этади. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад, Қорақалпоғистоннинг Шуманай, Мўйноқ ва Тахтакўпир туманлари аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, аҳолига кўрсатилаётган турли хизматлар сифатини оширишдан иборат.
Элчи, шунингдек, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими қошида ташкил этилган миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази фаолияти билан танишди. Мазкур марказ 2014 йилда БМТнинг “Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш” дастури доирасида ЮНЕСКОнинг қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилган.
Марказнинг асосий вазифаси миллий ҳунармандчилик ва туризмни ривожлантириш орқали маҳаллий аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмуш шароити яхшиланишига ҳисса қўшиш, шунингдек, Қорақалпоғистоннинг бой маданий меросини тиклаш ва уни келажак авлодларга бус-бутун етказишдир.
Меҳмонлар Нукус туманидаги балиқчиликка ихтисослаштирилган “Nukus Agro Fish” масъулияти чекланган жамияти ва Қораўзак туманидаги чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Panaev farms” фермер хўжалигида ҳам бўлди.
Е.Қаноатов, ЎзА
Манба: ЎзА