Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси ИИВ делегацияси Хитойда
2018-07-09 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги делегация Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлигига амалий ташриф буюрди. Дастлабки расмий учрашув 5 июль куни ХХР ЖХВ ҳузуридаги Биринчи илмий тадқиқот институтида бўлиб ўтди. Делегация аъзоларини ХХР Жамоат хавфсизлиги вазирининг биринчи ўринбосари Ван Сюохун кутиб олди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур илмий тадқиқот институти Хитой полиция тизимида алоҳида ўрин тутади. Айнан шу ерда яратилган кўплаб илмий ишланмалар, тадқиқот натижалари бугунги кунда ҳаётга татбиқ этилиб, жамоат хавфсизлигини таъминлашда, жиноятчиликка қарши курашда жуда қўл келмоқда. Мазкур институтда 2400 нафарга яқин ходим фаолият кўрсатади. Уларнинг 53 нафари фан доктори, профессордир.
Институтда яратилган ихтиролар, хусусан, турли қўпорувчилик ҳаракатларида, портловчи ускуналарни зарарсизлантиришда, жиноятчилардан ҳимояланишда ва яна кўплаб ҳар хил вазиятларда фойдаланишда асқатадиган кийимлар, ҳимоя воситалари вакилларимизда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, жамоат жойлари, метро ва одамлар қатнови кўп бўладиган масканларга ўрнатиладиган сканерлаш ускунаси кўпчиликнинг эътиборини тортди. Унинг афзаллиги шундаки, ҳаракатланаётган жуда кўплаб одамларни шунчалик тез ва сифатли сканердан ўтказиб, улар орасидан, танасида турли портловчи мослама ёки қуролни яшириб ўтказишга уринган ёвуз ниятли кимсани тезда аниқлайди. Бундан ташқари, давлат идоралари, ташкилотлар, муассасалар кириш жойига ўрнатиладиган мослама ҳам эътибордан четда қолмади. У орқали бинога кираётган шахснинг илгари жиноят содир этган-этмагани, қидирувдалиги тезда аниқланади. Меҳмонхоналар, муҳим қўриқланадиган объектларга киришда машиналарнинг таг қисмини ҳеч бир шахс аралашувисиз, мустақил текширадиган, хавф бўлса автоматик равишда хабар берадиган мослама ҳам вакилларимизда катта таассурот қолдирди.
Учрашув икки томон вакиллари учун кенгайтирилган тартибда ташкил этилган давра суҳбати тарзида давом этди. Мутахассислар институт фаолияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси ИИВ делегацияси аъзоларига батафсил маълумот беришди. Транспорт, техникавий, кибержиноятчилик, терроризмга қарши курашиш ва яна кўплаб йўналишлар бўйича изланишлар олиб бораётган институт жамоасининг фаолиятига делегациямиз вакиллари алоҳида қизиқиш билдирди.
– Институт фаолияти билан танишиб, бу ерда яратилган ихтиролар жамоат хавфсизлигини таъминлашда, жиноятчиликка қарши курашишда қанчалик наф бераётганини англаб етдик, – деди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор П. Бобожонов. – Юқорида таъкидланганидек, институтда 53 нафар фан доктори, яна юзлаб турли соҳанинг етук мутахассислари фаолият кўрсатар экан. Шунча олимларнинг изланишлар олиб бориши, жон куйдириб меҳнат қилишидан шуни англаш мумкинки, улар ягона бир мақсадни кўзлашган: бу ҳам бўлса тинчликни таъминлаш, полициянинг жамоат хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликларга қарши курашишдаги имкониятини ошириш, уни мукаммал ва кучли тузилмага айлантиришдир. Ишланмалар қизиқишимизни орттирди. Улардан келгусида Ўзбекистонда фойдаланишни хоҳлаймиз. Бундан ташқари, илмий изланишларда ҳамкорлик қилишни, бу ерда ходимларимизнинг малакасини оширишни истаймиз.
Делегация аъзолари ходимлар хавфсизлигини таъминлайдиган, вақтни тежайдиган, энг муҳими, жиноятчиликка қарши курашишда асқатадиган айрим ишланмаларнинг қандай ишлатилишини сўраб-суриштиришди. Баъзи қурилмаларни мутахассислар ёрдамида шу ернинг ўзида ишлатиб кўришди.
Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси ИИВ делегацияси ХХР Жамоат хавфсизлиги вазирлигига ташриф буюрди. Меҳмонларни Хитой Давлат кенгаши аъзоси, Жамоат хавфсизлиги вазири Чжао Кечжи бошчилигидаги вазирлик раҳбарияти кутиб олди.
Вазир ўзбекистонлик ҳамкасбларини ўз юртида кўриб турганидан хурсандлигини билдириб, Хитой ва Ўзбекистон қадим-қадимдан ўзаро тинч-тотув яшаб келишини таъкидлади. Буюк ипак йўлида жойлашган давлатлар сифатида савдо-иқтисодий ҳамкорлик қадимдан ривож топганини қайд этди. Ҳозирга келиб эса нафақат савдо-иқтисодий, маданий, таълим, туризм соҳаларида, балки ҳуқуқ-тартибот тизими, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида ҳам мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилганини мамнуният билан таъкидлаб ўтди. Вазир Чжао Кечжи сўнгги пайтларда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ўзгаришлар, хусусан, ички ишлар органлари тизимида кечаётган ислоҳотлардан хабардорлигини билдириб, бундан ўзбек халқи учун хурсандлигини таъкидлади. Икки давлат вазирликлари ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганини, ўзга давлат ҳудудида яшириниб юрган жиноятчиларни ушлашдаги амалиёт кенгайиб бораётганини қайд этди.
Хусусан, ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва ХХР ЖХВ ўртасида имзоланган Протокол ўзининг самарали натижасини бермоқда. Мазкур ҳужжат асосида ҳар икки томон ҳам жиноятчиликка қарши муваффақиятли курашиш билан чекланмай, ўзбекистонлик ҳуқуқ-тартибот ходимлари Хитойда, хитойлик ҳамкасблар эса Ўзбекистонда малака ошириши йўлга қўйилди. Яна ахборот ва маълумотларни тезкор алмашишда, ҳудудлар осойишталигини таъминлашда мазкур Протокол муҳим омил бўлмоқда, – дея таъкидлади вазир.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор П. Бобожонов самимий, дўстона қабул учун Чжао Кечжига миннатдорлик билдириб, узоқ йиллик икки давлат ҳамкорлиги кун сайин ривожланиб бораётганини, иқтисодий, савдо, ҳуқуқ-тартибот соҳаларида катта ютуқларга эришилаётганини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон ҳукумати бу ҳамкорликни юқори даражада қадрлашини, бундан-да ривожланишидан манфаатдор эканлигини, бу ривожланишда икки давлат раҳбарлари – Президент Шавкат Мирзиёев ва ХХР раҳбари Си Цзиньпиннинг ташаббуси, хоҳиши муҳим аҳамият касб этаётганини билдирди.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг ривожланиши учун энг кўп сармоя киритаётган давлатлардан бири саналади, – деди вазир, генерал-майор П. Бобожонов. Айни пайтда юртимизда хитойлик ишбилармонлар киритган инвестиция иштирокидаги 800 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Сўнгги икки йилда ХХР томонидан мамлакатимиз иқтисодиётига 8 млрд. АҚШ долларига яқин инвестиция киритилгани ҳам икки давлат ҳамкорлиги тобора ривожланиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, Хитой бозорида ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳажми ошиб бормоқда. Бу ҳамкорлик ҳуқуқ-тартибот соҳасида ҳам йилдан йилга янгича тус оляпти. Масалан, сўнгги икки йил давомида Хитой ҳудудида 38 та учрашув ташкил этилди ва унга Ўзбекистондан 213 нафар ички ишлар органи ходимлари жалб этилди. Улар бу ерда асосан жиноят қидирув, террорризмга, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш, эксперт-криминалистика ва бошқа соҳаларда малака оширишди. Ўз навбатида Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлигининг 69 нафар вакили юртимизда бўлиб, ўзбекистонлик ҳамкасбларининг иш фаолияти билан яқиндан танишишди. Шунингдек, бу ҳамкорлик ИИВ Академияси ва ХХР ЖХВ тизимидаги олий таълим муассасалари ўртасида ҳам ривожланиб бормоқда. Жумладан, тарихда илк бор ИИВ Академиясининг бир гуруҳ курсант ва ўқитувчилари бир ойлик ўқув курсини айнан Хитойда ўтказиб, малака оширишди.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, мамлакатимиз Президентининг кўрсатмасига асосан, ИИВ Академияси ташаббуси билан айни пайтда Академияда Симуляция ва моделлаштириш марказ қурилиши бўйича келишувлар давом этмоқда. Мазкур лойиҳа учун Хитой томонидан 22 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш кўзда тутилган. Ушбу марказ ишга тушиб, худди Пекин полиция университетидаги каби замонавий технологиялар билан жиҳозланадиган бўлса, у соҳа учун етук кадрлар етиштириб чиқадиган Марказий Осиёда ягона даргоҳ бўлади.
Дўстона ва самимий тарзда ўтган учрашувдан икки томон ҳам қониқиш ҳосил қилди. Учрашув якунида икки давлат вазирликлари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Протокол имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги