Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ва касалхона ичи инфекциялари профилактикасига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
2018-07-09 | Соғлиқни сақлаш
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимида ўтказилган ислоҳотлар доирасида аҳолини соғлиғини сақлаш соҳасида, жумладан, одамнинг иммунитет танқислиги вируси чақирадиган касалликнинг (бундан буён – ОИВ инфекцияси) профилактикаси, диагностикаси ва даволашда ижобий натижаларга эришилди.
Мазкур йўналишда мажмуавий тадбирларнинг амалга оширилиши эпидемик вазиятнинг барқарорлашувига ёрдам берди.
Шу билан бирга, ўрганишлар шуни кўрсатадики, ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши самарали курашиш, шифохона ичи инфекциялари профилактикасига тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммолар мавжуд, хусусан:
биринчидан, шифохона ичи инфекциялари билан касалланиш камайишига қарамасдан, даволаш профилактика муассасаларида қон орқали юқувчи инфекцияларнинг олдини олиш бўйича камчиликлар бор;
иккинчидан, даволаш профилактика муассасаларини, айниқса соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинини тиббий асбоблар ва сарфловчи материаллар билан ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш борасида зарурий чоралар кўрилмайди;
учинчидан, жойларда, айниқса чекка туманларда тиббиёт муассасаларини тоза ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминлашдаги муаммоларнинг мавжудлиги тиббий асбоблар стерилизацияси сифатига ва ўтказилаётган даволаш профилактика муолажалари хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда;
тўртинчидан, даволаш профилактика муассасаларининг стерилизация бўлинмаларини зарурий асбоб ва ускуналар билан жиҳозланиш даражаси талабга жавоб бермайди, стерилизация тадбирларини ташкил этиш услубларига замонавий йўналишларда ёндошилмайди;
бешинчидан, республика ҳудудларида ОИВ инфекцияли шахсларни стационар шароитда даволаш билан етарлича қамраб олинмаган, ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказлари ва туманлараро ОИВ диагностика лабораторияларининг моддий-техника базасини заифлиги амалга оширилаётган ишлар сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
ОИВ инфекцияси профилактикаси, диагностикаси ва даволашнинг замонавий чораларини амалга оширишни янада кучайтириш, беморларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, уларни стационар шароитда даволаш билан қамраб олишни кенгайтириш, шифохона ичи инфекциялари билан касалланиш ҳодисаларини минималлаштириш 2018 йил 22 июнда 3800-сонли “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ва касалхона ичи инфекциялари профилактикасига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Президент Қарори қабул килинди, ушбу Қарорда қуйидаги йўналишдаги мажмуавий чора-тадбирларни амалга оширишни кўзда тутган:
қон орқали юқувчи инфекциялар профилактикаси соҳасида даволаш профилактика муассасалари фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
республикада ОИВ инфекцияси тарқалиши устидан ва шифохона ичи инфекцияларини профилактикаси юзасидан эпидемиологик назоратни кучайтириш;
давлат тиббиёт муассасаларида тиббий асбоблар стерилизацияси ва тиббий чиқиндилар утилизацияси борасидаги вазифаларни хусусий тузилмаларга ўтказиш орқали давлат-хусусий ҳамкорлигини босқичма босқич тадбиқ этиш;
республикада даволаш профилактика муассасаларини тест-системалар ва ретровирусга қарши препаратлар билан узлуксиз таъминлаш ҳамда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш бўйича тадбирларни барқарор молиялаштириш мақсадида бюджет маблағлари миқдорини босқичма босқич ошириб бориш;
ОИВ инфекциясини даволаш ва шифохона ичи инфекциялари профилактикасида илм-фан ва техниканинг энг сўнгги ютуқларига асосланган инновацион ёндошувларни кенг қўллаш;
ОИВ инфекцияли шахсларни тиббий-руҳий жиҳатдан комплекс қўллаб-қувватлаш ишларини ташкил этиш;
ОИВ инфекцияси профилактикаси, диагностикаси ва даволаш бўйича тиббиёт ходимларининг касбий билим даражаларини ошириш;
давлат тиббиёт муассасаларида ОИВ инфекцияси профилактикаси, диагностикаси ва даволаш ишлари билан шуғулланувчи тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказлари ва туманлараро ОИВ диагностика лабораторияларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларни замонавий диагностика ва лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш;
мазкур йўналишда фаолият кўрсатувчи хорижий муассасалар билан яқин алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги