Бунга ХОҚ Президенти Томас Бах ваъда бермоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари таклифига кўра Швейцария сафар этди ва Лозаннадаги Халқаро олимпия қўмитаси қароргоҳида Томас Бах билан расмий учрашув ўтказди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматининг ёзишича, томонлар бунгача Пхёнчхандаги қишки Олимпия ўйинлари вақтида кўришиб, умумий масалалар юзасидан суҳбат ўтказгандилар. Бугун эса Умид Аҳмаджонов Томас Бах билан илк расмий учрашувини ўтказди. Унда Халқаро Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбарлари бир қанча масалаларни муҳокама қилишди.
Умид Аҳмаджонов учрашувда Халқаро олимпия қўмитаси таркибида шу кунгача нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёдан мутлақо аъзо бўлмагани, шунинг учун ХОҚ Сессиясида минтақамиздан ҳам ўз овози ва сайлаш ҳуқуқига эга аъзони таркибга киритиш масаласини кўтарди. Томас Бах эса, ўз навбатида, ХОҚнинг 2019 йилги умумий йиғилишида Умид Аҳмаджонов номзодини Ижроия Қўмитаси аъзолигига тақдим этишга ваъда берди.
Маълумки, Халқаро олимпия қўмитаси томонидан ўтказиладиган спорт мусобақалари FIFA тасарруфидаги турнирлардек кўп эмас. Ташкилот асосан ёзги ва қишки Олимпия ўйинлари, ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинларини ташкиллаштиради. Умид Аҳмаджонов учрашув давомида Томас Бахга ХОҚ шафелиги остида кечадиган янги мусобақаларни ташкил этиш, бундай нуфузли мусобақага Тошкент шаҳри мезбонлик қилишга тайёр эканлиги борасида таклиф киритди. Халқаро олимпия қўмитаси раҳбари бунга жавобан, 2019 йилги ХОҚнинг маркетинг масалаларига бағишланган йирик анжуманини Тошкентда ўтказиш нияти борлигини маълум қилди.
Учрашув давомида Умид Аҳмаджонов ўзбек спортида рўй бераётган ислоҳотлар, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан спортга кўрсатилаётган эътибор, спортни оммавийлаштириш, ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди ва Республикамизда Олимпия ҳаракатини янада ривожлантириш, мамлакат спортида рўй бераётган улкан ҳажмдаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш масаласида жаноб Томас Бахдан маслаҳатчи сифатида Тошкентга малакали ва етук мутахассисни юборишни илтимос қилди. Юртимизда спорт тараққиётига давлат томонидан кўрсатилаётган эътибордан тўлқинланган ХОҚ Президенти таклифни бажонидил қабул қилиб, соҳада катта тажрибага эга бўлган мутахассисни Ўзбекистонга юборишини таъкидлаб ўтди.
Лозаннага ташрифи давомида Умид Аҳмаджонов “Олимпия бирдамлиги” дастури раҳбари Пьере Миро, шунингдек, ХОҚнинг бир неча департамент раҳбарлари билан ҳам учрашди ва ҳамкорликда янги лойиҳалар, семинар-тренинглар ўтказиш масаласида келишувга эришди.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президентининг жаҳоннинг энг йирик спорт ташкилотлари жойлашган Швейцарияга ташрифи унумли ва самарали бўлди, дея хабар бермоқда МОҚ матбуот хизмати.
Ойбек Юнусов
Манба: ЎзА