Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишда парламентнинг иштироки
2018-07-04 | Жамият
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Миллий дастурларни амалга ошириш ва Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишда парламент назорати” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбир парламент қуйи палатаси, “Тараққиёт стратегияси” маркази, БМТТД ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шу жумладан, миллий парламентнинг салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда парламент назорати механизмини кучайтириш масалалари муҳокама этилди.
Баҳс мунозаралар давомида иштирокчилар парламент қандай қилиб барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш билан боғлиқ бўлган комплекс жараёнлар ва сиёсий тизимларга жалб қилиниши мумкинлигига эътибор қаратдилар.
Парламентнинг қонунлар қабул қилиш, парламент назоратини амалга ошириш, Давлат бюджетини қабул қилиш ва кейинчалик уни назорат қилиш каби асосий функцияларини инобатга олган ҳолда, бошқа мамлакатларда фуқароларнинг турмуш тарзини яхшилаш мақсадида фаол қўлланиладиган усул ва воситалар таҳлил қилинди.
Давра суҳбатида БМТнинг Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида 22 май куни қабул қилинган 30 июнни Халқаро парламентаризм куни деб эълон қилиш тўғрисидаги қарорига алоҳида эътибор қаритилди. Ушбу сананинг танланиши бежиз эмас. 1889 йил айнан шу куни Парижда биринчи Парламентлараро конференция ўтказилиб, унда 178 давлат парламентлари Парламентлараро иттифоққа асос солганлар. Мазкур қарор билан БМТ Бош Ассамблеяси парламент аъзоларини барқарор тараққиёт соҳасида аниқ натижаларга эришиш учун амалга оширилаётган ислоҳотларда янада фаол иштирок этишга чорлашни кўзда тутади. Ўтказилган давра суҳбати Ўзбекистонда ушбу санани нишонлашда илк тадбир ҳисобланади.
Тадбирда иштирокчилар томонидан парламентиризмнинг ривожланиши асосий йўналишлари, парламент назоратининг самарадорлигини ошириш ҳамда халқаро муносабатларнинг барқарор ривожланиши борасида парламент дипломатиясининг ролига оид фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси