Яқинда Беларусь Республикаси пойтахти Минск шаҳрида МДҲга аъзо мамлакатлар армиялари вакиллари ўртасида ҳарбий-амалий спортнинг “ҳарбий спорт комплекси кўпкураши” тури бўйича ҳалқаро мусобақа бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари мезбонлардан кейин иккинчи ўринни эгаллади.
Мусобақада Беларусь (иккита жамоа), Ўзбекистон, Қозоғистон Қирғизистон ва Россия жамоалари иштирок этиб, 100 ва 3000 метрга югуриш, узоқликка граната улоқтириш, турникда тортилиш, тўсиқли йўлаклардан ўтиш каби ҳарбий комплекс машқларни якка ва жамоа таркибида бажарди.
Мусобақада ҳарбийларимиз юқори жисмоний тайёргарлиги ва эпчиллигини намойиш қилди. Кичик сержант Исоқжон Рустамов 400 метр масофадаги ягона тўсиқли йўлакларни югуриб ўтишда 2 дақиқаю 13 сония натижани қайд этиб, биринчи ўринни қўлга киритди ва мусобақа рекордини ўрнатди.
Шунингдек, ушбу беллашувларда Шоҳруҳ Низомов, Фахриддин Мамаризаев, Исоқжон Рустамов ва Умид Аҳмаджонов “Ҳарбий-амалий спорт турлари бўйича спорт устаси” ва Аббос Исҳоқов “Ҳарбий-амалий спорт турлари бўйича спорт усталигига номзод” талабларини бажарди.
Учинчи ўрин Қозоғистон вакилларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндор жамоалар кубок, медаль ва дипломлар билан тақдирланди.
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА
Манба: ЎзА