Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
2018 йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Республикаси истеъмол секторидаги инфляция даражаси
2018-07-02 | Иқтисодиёт
2018 йил июнь ойида биринчи марта жорий йилнинг сўнгги даврида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархлари умумий даражасида пасайиш кузатилган бўлиб, истеъмол секторидаги дефляция даражаси ой давомида 0,4 %ни ташкил этди.
2018 июлнинг январь-июнь ойларида истеъмол нархлари индекси динамикаси
(ўтган ойга нисбатан, %)
Ой давомида товарлар нархи ўртача 0,6 %га пасайган бўлса, хизматлар эса аксинча, 0,3 %га қимматлашган.
2018 йилнинг январь-июнь ойларида истеъмол нархлари индекси
(ўтган ойга нисбатан, %)
Қуйидаги маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, истеъмол секторида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг пасайиши натижасида дефляция ҳолати қайд этилган бўлса, ноозиқ-овқат маҳсулотлар ва хизматлар нархларида эса аксинча, инфляцион жараёнлар кузатилди.
2018 йилнинг июнь ойида истеъмол нархлари индекси
(ўтган ойга нисбатан, %)
Асосий гуруҳлар бўйича нархларнинг ўзгариши таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ноозиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда хизматлар нархининг қимматлашиши умумий истеъмол нархлари индекси (кейинги ўринларда ИНИ)га 0,4 фоиз даражасида (ф.д.) таъсир этиб, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг пасайиши эса ИНИнинг 0,8 ф.д.да камайишига олиб келди.
2018 йилнинг июнь ойида товар ва хизматларнинг асосий гуруҳлари бўйича
нархларнинг ўзгариши ва уларнинг умумий ИНИга таъсири
Озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол нархлари индекси
Юқорида қайд этилганидек, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ой давомида ўртача 1,8 %га арзонлашганлиги, умумий ИНИнинг 0,8 ф.д.да пасайишига замин яратди.
2018 йилнинг июнь ойида асосий гуруҳлар бўйича
озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари индекси
(ўтган ойга нисбатан, ўсиш ва пасайиш, %)
Мева ва сабзавот маҳсулотлари нархларининг пасайиши, жумладан, тухум, шакар, ёғ ва мой маҳсулотларининг арзонлашгани умумий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари даражасига сезиларли таъсир кўрсатиб, умумий ИНИнинг 1,5 ф.д.да пасайишига олиб келди. Шулар билан бир қаторда гўшт, нон, алкагол ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг қимматлашиши умумий ИНИнинг кўтарилишига ёрдамлашди (0,7 ф.д.да таъсир этди).
Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи таркибига кирувчи товарлар нархлари орасида қимматлашиш борасидаги етакчилик ёрма ва дуккаклиларга (ўсиш 15,3 %), пасайиш бўйича эса картошка ҳамда сабзавот маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади (пасайиш мос равишда 38,9 % ва 29,1 %).
2018 йилнинг июнь ойида асосий гуруҳлар бўйича озиқ-овқат
маҳсулотларининг истеъмол нархлари ўзгариши
(ўтган ойга нисбатан, %)
Спиртли ичимликлар нархларининг қимматлашишининг асосий сабабларидан бири, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 5 март кунидаги «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-3583-сон Қарорига асосан 2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб пиво ва ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш мақсадларига йўналтирилган қўшимча тўловларнинг жорий қилинганлигидир. Бироқ, шуни алоҳида қайд этиш лозимки, жорий йилнинг июнь ойи давомида спиртли ичимликлар чакана савдоси фаолияти билан шуғулланувчи аксарият корхоналар ўзларидаги қолдиқ маҳсулотларини ўзгармаган нархларда сотган. Спиртли ичимликлар нархларига қўлланилган қўшимча тўловлар иккинчи ярим йилликдан бошлаб ушбу тур маҳсулотлар нархига ўз таъсирини ўтказиши кутилмоқда.
Бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан алкаголсиз ичимликлар нархлари бирмунча сезиларли даражада қимматлашди (0,9 %).
Қолган турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача нархлари даражасида жиддий ўзгаришлар кузатилмади.
Ноозиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол нархлари индекси
Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларининг 0,8 %га қимматлашиши умумий ИНИнинг 0,3 ф.д.да ошишига олиб келди.
Автомобиллар учун ёқилғи ҳамда қурилиш материалларидан ташқари ушбу гуруҳнинг асосий турдаги маҳсулотлари нархлари орасида сезиларли ўзгаришлар кузатилмади.
Асосий турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳлари бўйича нархларнинг ўзгариши қуйидаги кўриниш шаклида намойиш этилган:
2018 йилнинг июнь ойида асосий турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотлари
гуруҳларининг истеъмол нархлари индекси
(ўтган ойга нисбатан, %)
Аҳоли учун автомобилларга газ тўлдириш шаҳобчалари орқали сотилаётган пропан нархининг қимматлашиши асосий турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотлар гуруҳи индексининг кўтарилишида асосий таъсир омили сифатида қайд этилган. Республика бўйича ой давомида ушбу маҳсулотнинг нархи ўртача 63,3 %га қимматлашди. Мамлакатнинг баъзи ҳудудларида унинг нархи 2 баробар ва ундан юқори даражада ҳам қимматлашган (Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари шулар жумласидандир). Биржадаги котировка нархлари ҳамда ёқилғи-мойлаш материаллари бозорида шаклланаётган ҳолатлар пропан нархлари даражасининг сезиларли даражада қимматлашишига ўз таъсирини ўтказди.
Қурилиш материаллари нархлари ой давомида ўртача 1,5 %га қимматлашди. Цемент ва гулқоғознинг нархи гуруҳ таркибидаги бошқа маҳсулотларга нисбатан бирмунча сезиларли даражада қимматлашди.
2018 йилнинг июнь ойида асосий турдаги қурилиш материаллари гуруҳларининг
истеъмол нархлари индекси
(ўтган ойга нисбатан, %)
Хизматлар истеъмол нархлари индекси
Июнь ойи давомида аҳоли учун хизматлар тарифлари нархларида жиддий ўзгаришлар кузатилмади ва бор йўғи 0,3 %лик ўсиш ҳолати қайд этилди. Бу эса ўз навбатида умумий ИНИга 0,1 ф.д.да таъсир этди. Нарх тарифларининг нисбатан барқарор суръатларда ошиб бориши қаторида йўловчи ташиш транспорти хизматлари нархи ўртача 1,4 % ва маиший турдаги хизматлар эса 0,4 %га қимматлашди. |
2018 йилнинг июнь ойида аҳоли учун алоҳида турдаги хизматлар
гуруҳининг истеъмол нархлари индекси
(ўтган ойга нисбатан, %)
Қашқадарё вилояти ҳокимининг қарори асосида жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб ҳудуд бўйича шаҳар автобус транспортида йўл ҳақи 66,7 %га оширилди. Хоразм вилояти ҳокимининг қарорига асосан вилоят бўйича шаҳар автобус транспорти хизматлари 42,9 % ҳамда йўналишли такси хизматлари нархи 11,1 %га кўтарилди. Шунингдек, Фарғона вилояти ҳудудида ҳам йўналишли такси хизматлари ўртача 9,4 %га қимматлашган.
Маҳаллий транспорт поездлари учун йўл харажати ҳужжатлари нархининг ошиши ва Швейцария франкининг сўмга нисбатан бироз ошиши ҳисобига темир йўл транспорти хизматлари нархлари бироз кўтарилди.
Еврога нисбатан миллий валютамиз курсининг мустаҳкамланиши натижасида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК чипталари нархлари бирмунча арзонлашди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги