Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Термизда “Мард ўғлон” Давлат мукофоти топширилди
2018-07-02 | Жамият
Термизда Сурхондарё вилоят ҳокими билан ёшлар учрашуви бўлиб ўтди.
Видеоселектор шаклида ташкил этилган учрашувда вилоят ҳокими Э. Турдимов дастлаб Президентимизнинг ёшларга табригини ўқиб эшиттирди. Мамлакатимиз ёшларининг ўқиб, изланиши, таълим олиши, ўз истеъдод ва қобилиятини кенг намоён этиши, тадбиркорлик, фермерлик билан шуғулланиб, ўз бизнесини йўлга қўйиши юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳамда ёш оилаларга қаратилаётган юксак эътибор хусусида атрофлича фикр юритди.
Ўзбекистон Рeспубликаси Президенти Ш.Мирзиёeвнинг 2018 йил 28 июнда қабул қилинган “Мард ўғлон” Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бир гуруҳ иқтидорли, истеъдодли йигитлар фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган ютуқлари учун ана шу юксак мукофотга сазовар бўлди. Мукофотланганлар сафида бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, сурхондарёлик Баҳодир Жалолов, вилоят ички ишлар бошқармаси Термиз шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлими ёнғин ўчирувчиси Санжар Тўхташов ҳам бор.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
Манба: ЎзА