Маълумот ўрнида, бугунги кунда Наманган вилоятида истиқомат қилаётган 2 миллион 700 минг аҳолининг 60 фоизи, бошқчача айтганда 1 миллион 500 мингдан зиёдини 30 ёшгача бўлган ўғил-қизларни ташкил этади. Таъкидлаш лозимки, улар учун вилоятда 2018-2021 йилларда 68 та кўп қаватли, 66 та намунали “Ёшлар уйлари”ни барпо этиш режалаштирилиб, шу кунга қадар 223 нафар фаол ва ташаббускор ёшга “Ёшлар уйлари” топширилди.
Эътибор ва ғамхўрликларга жавобан ёшлар эришаётган ютуқлар ҳам шунга монанд бўлмоқда. Умумтаълим фанларидан ўтказилган олимпиаданинг республика босқичида 7 нафар ўқувчи ғолиб чиқиб муддатидан аввал олий ўқув юртлари талабаси номига эришди. Шу йилнинг 19-23 июнь кунлари Самарқандда ўтказилган халқаро фан олимпиасида Наманган давлат университети қошидаги 1-сонли академик лицей ўқувчиси Умиджон Ҳафизов физика фани бўйича олтин медални қўлга киритди.
Қувонарлиси, спорт соҳасида наманганлик ёшлар юртимиз байроғини юксакларга кўтармоқдалар. Иқтидорли спортчиларимиз 2018 йилнинг шу даврига қадар халқаро спорт мусобақаларида 38 та олтин, 11 та кумуш, 18 та бронза жами 67 та медалларни қўлга киритди.
Ёшлар иттифоқининг ташаббуси билан сўнги бир йил мобайнида ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик каби соҳалардаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун 773 нафар ёшларга 7 миллиард 954 миллион 800 минг сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Бунинг натижасида 1423 та янги иш ўрни яратилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маҳаллий Кенгашлари жойлашган касб-ҳунар таълими муассасалари негизида ташкил қилинган “Ёшлар марказлари”да 12 хил йўналишдаги тил ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича 64 та бепул тўгарак фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур тўгаракларда ҳар куни 6500 нафарга яқин ёшлар билим эгалламоқда.
Вилоятда ёшлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш, барвақт олдини олиш бўйича ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида ёшлар жиноятчилиги ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийиб 26 фоизга камайишига эришилди.
Хайрулло Бозоров билимли, ватанпарвар, ўз маҳалласи ва юртининг порлоқ эртаси учун қайғурадиган фидойи йигит-қизлар сафи кўпайиши учун энг аввало ўқиш, яъни китоб мутолаасига ва илм олишга интилиш кераклигини айтди.
– Таълимни тарбиядан ажратиб бўлмайди. Шундай экан, ёшларимиз бутун дунё тан олган миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаши, четдан кириб келаётган “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдидлардан ҳимояланиши лозим, – деди вилоят раҳбари.
Очиқ мулоқот руҳида кечган учрашувда ёшларимиз ўзларини қизиқтирган масалалар, ташвишга солаётган муаммолари юзасидан ҳокимга тўғридан тўғри мурожаат қилиб, саволларига амалий жавоблар олишди.
Поп тумани Ғурумсарой қишлоғида яшовчи Фазлиддин Тўланов айни пайтда ижара асосидаги ердан унумли фойдаланган ҳолда қуёнчилик ва балиқчилик билан шуғулланиб келади. Яқинда унга Янгиобод маҳалласидан 2 гектар ер ажратиб берилди. Муаммо шундаки, бу ер майдони ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирилмаган. Яъни, туман ҳокимининг қарори чиққани йўқ. Мурожаатни эшитган вилоят ҳокими бу масала тегишли тартибда ижобий ечимини топишини маълум қилди.
Чустлик Достон Убайдуллаев ишни кўзини биладиган ёш тадбиркорлардан. Ўзи ташкил этган “Музаффар Достон” хусусий корхонасида даставвал чорвачилик билан шуғулланган. Айни пайтда у Президент қарорига мувофиқ ёшлар учун ажратилган 13 фоизли, имтиёзли кредитдан унумли фойдаланиш ниятида. Банк молиявий кўмакни ажратса, тадбиркор савдо шаҳобчаси, ошхона, кафе, гўзаллик салони, устахона каби маиший хизмат кўрсатиш нуқталари ва супермаркетни ўзида мужассам этган йирик савдо мажмуасини барпо этишга киришади. Достон Убайдуллаев ҳокимдан ёшлар билан тез-тез учрашиб, уларнинг мурожаатларини эшитишга вақт ажратишни сўради. Хайрулло Бозоров тадбиркорнинг саволига жавоб қайтараркан, тез кунларда Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази биносида ёш тадбиркорлар билан ишлашга мўлжалланган инновацион марказ ўз фаолиятини бошлаши, ушбу марказ орқали ёшлар, хусусан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ёш бизнесменларнинг ҳар бир мурожаатига алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.
Коллежни битиргач маълум муддат турли сабабларга кўра ишсиз юрган уюшмаган ёшлардан бири Сайёра Дадабоева ўз сўзида Наманган вилояти ҳокимининг аҳоли билан ижтимоий тармоқлар орқали мулоқотни йўлга қўйганидан миннатдорлигини билдирди. У Хайрулло Бозоровнинг телеграм рақамига мурожаат қилиб, банкдан кредит олишда ёрдам беришни сўрайди. Вилоят раҳбари бу масалани ижобий ҳал этишга яқиндан кўмаклашди ва 15 миллион сўм миқдорида унга кредит ажратилди. Бунинг натижасида Сайёра Наманган шаҳрида якка тартибда тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Қолаверса, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши тикувчилик билан шуғулланадиган ёш тадбиркор қизга Наманган “Ёшлар маркази”дан бепул жой ажратиб берилди. 17 та тикув машинаси билан таъминланди. Сайёранинг мўъжаз цехида ёшлар иттифоқи рамзи туширилган футболкаларни ишлаб чиқариш ҳақидаги таклифи мақулланиши ва қўллаб-қувватланиши айтилди.
Оқилхон Дадабоев,
журналист