Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев: Ўзбекистондаги ҳар бир одам мен учун қадрли
2018-06-29 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон карлар жамиятининг Кар-соқовлар маданият марказини бориб кўрди.
Бу ерда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган. 450 ўринли концерт зали, тўгарак хоналари, спорт заллари таъмирланиб, замонавий жиҳозланган.
Давлатимиз раҳбари жамият аъзолари билан мулоқот қилиб, уларнинг дарду ташвишлари, соҳадаги камчиликларни сўради.
Кар-соқов болаларни ўқитувчи мутахассислар ва сурдотаржимонлар тайёрлаш масаласига эътибор қаратилди.
Шавкат Мирзиёев аҳолининг мазкур қатлами саводхонлиги, тарбияси, ишлаши, дам олиш ва даволаниш шароитларини яхшилаш мақсадида алоҳида қарор тайёрлаш бўйича топшириқ берди.
Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Сирожиддин Зайниддинов, таэквондо бўйича Осиё чемпионати совриндори Даврон Хидиров, ёш режиссёр Олег Ошипенкога Тошкент шаҳридан уй, маданият маркази учун иккита автобус совға қилди.
Биласизки, давлат халққа хизмат қилади, деган тамойилни ўзимизга мақсад қилиб олганмиз. Сизлар ҳам жамиятимизнинг муносиб аъзосисизлар. Ушбу соҳага ҳамма шароитларни яратамиз. Ўзбекистондаги ҳар бир одам мен учун қадрли, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 11 июндаги “Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида алоҳида тоифадаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнат фаолиятига жалб этишга имтиёзлар берилган.
Шу мақсадда Ўзбекистон карлар жамияти ҳудудида тикувчилик корхонаси ташкил этилган. Унга 100 дан зиёд хотин-қиз ишга жойлаштирилган.
Президентимиз ушбу корхонани кўздан кечирди, тикувчи аёллар билан суҳбатлашди. Амалга оширилаётган бундай ишлар изчил давом этишини, ногиронлиги бўлган шахслар учун иш жойлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти