Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
37 миллиард сўмлик ва 7 миллион долларлик ноқонуний ва самарасиз харажатлар аниқланди
2018-06-29 | Иқтисодиёт
Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб платасининг 2017 йилдаги фаолиятиги оид ҳисоботи кўриб чиқилди.
Ушбу масала юзасидан Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари Олимжон Рустамов маъруза қилди.
Қайд этилганидек, 2017 йилда Ҳисоб палатаси томонидан 70га яқин таҳлилий ўрганиш ва назорат тадбири ташкил этилиб, унинг 49 таси бевосита жойларда, қолгани вазирлик ва идораларда ўтказилган.
2018 йил Давлат бюджети лойиҳаси ва солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини кўриб чиқишда Ҳисоб палатаси томонидан таклифлар тайёрланган ва Молия вазирлигига тақдим этилган. Ушбу таклифлар асосида бюджет даромадлари прогнози 1,4 трлн. сўмга қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Давлат бюджетининг республика ва маҳаллий даражадаги шаклланиши ҳамда унинг ижроси юзасидан назорат ўрнатилиб, давлат маблағларининг қонуний, мақсадли, самарали сарфланиши бюджетдан молиялаштирилувчи вазирлик ва идоралар мисолида ўрганиб чиқилди.
Назорат тадбирлари натижасида жами 37 млрд. сўмлик ва 7 млн. долларлик ноқонуний ва самарасиз харажатлар ҳамда 270 млрд. сўмлик қўшимча даромад манбалари аниқланди.
Сенаторлар давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш, бюджет даромадлари манбаларидан тўлиқ фойдаланиш, жойлардаги секторлар раҳбарларининг иш фаолиятига баҳо бериш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижроси устидан назоратни янада кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Президент қарорлари ва фармойишларидаги топшириқларнинг бажарилишини назорат қилиш самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли чоралар кўриш зарурлигини қайд этилди.
Муҳокама якуни бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Манба: ЎзА