Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги элчихонаси томонидан ўқиш, меҳнат фаолияти ва оилавий шароит туфайли Малайзияда бўлган ҳамюртларимиз билан учрашув ташкил этилди.
Унда 40 дан ортиқ юртдошимиз, жумладан, Путра университети, Халқаро ислом университети, Ислом фанлари университети талабалари ва ўқитувчилари, Малайзиянинг «Petronas», «Google Malaysia», «Data Micron Systems», «Consolsys» сингари етакчи компаниялари ходимлари иштирок этди.
Тадбир қатнашчилари мамлакатимиз банк тизими, иқтисодиёт, илм-фан, таълим, давлат бошқарувини инновацион ривожлантириш, туризм, ёшлар сиёсати ва шаҳарсозлик соҳаларида амалган оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар билан таништирилди. Учрашувда юртдошларимизнинг маданий-маънавий илдизларини янада мустаҳкамлаш, уларнинг Ватанимиз билан чамбарчас боғлиқлигини таъминлаш ҳамда ёш авлоднинг ватанпарвар бўлиб вояга етиши учун шароит яратиш мақсадида чет элдаги юртдошларимиз билан ҳамкорлик ишларини кучайтирилаётгани таъкидланди.
Мулоқот чоғида иштирокчилар олий таълим тизимини такомиллаштириш, туризм салоҳиятини ривожлантириш, мактаб таълими ва давлат хизматларини тақдим этишга инновацион технологияларни кенг жорий қилиш масалалари бўйича фикр алмашди.
Ўзбекистон фуқаролари Малайзиянинг илғор тажрибасини амалиётга татбиқ этиш, турли тармоқлар бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ҳамда келгусида уларнинг мамлакатимизда ишга жойлашиш механизмларини ишлаб чиқиш мақсадида республикамиз вазирлик ва идоралари вакиллари ва хориждаги ватандошларимиз ўртасида видеоконференция шаклидаги учрашувни ташкиллаштириш таклифини билдирди.
Ўзбекистон Республикасининг хорижда истиқомат қилаётган ҳамюртларимиз билан ҳамкорлик қилиш бўйича давлат сиёсати Концепцияси лойиҳаси муҳокамаси тадбир қатнашчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Юртдошларимиз чет элда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга йўналтирилган мазкур ҳужжат ўз вақтида ишлаб чиқилгани, ушбу ҳужжат уларни Ўзбекистондаги иқтисодий, маданий-гуманитар ва ижтимоий ўзгаришларишларга фаол жалб қилишга хизмат қилишини билдирди.
Тадбир иштирокчиларининг фикрича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда илм-фан, таълим, замонавий кадрларни тайёрлашни янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда ҳамда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор давлат дастурлари ишлаб чиқилмоқда.
Айни пайтда чет элда истиқомат қилаётган минглаб юртдошларимизнинг билим ва салоҳиятидан мамлакатимиз тараққиёти йўлида тўла фойдаланилмаяпти. Ватандошлармиз Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган, пировардида нуфузли хорижий экспертлар ва малакали ҳамюртларимизни Ўзбекистонга жалб қилиш учун шароит яратадиган ислоҳотлар жараёнига чин дилдан ўз ҳиссасини қўшишни истайди.
Ш боис, Ўзбекистон дипломатик миссияси ёшлар билан мунтазам мулоқот ўрнатиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаши, очиқ дебатлар ташкиллаштириши, ғояларини амалга ошириш учун ҳамкорлик қилиши лозим. Чет элда истиқомат қилаётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш уларнинг келажакка бўлган ишончи, ватанпаварлик ҳис-туйғуларини янада мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш истагида бўлган ёшлар кўпчиликни ташкил этади ва улар Ватанимиз гуллаб-яшнаши йўлида бирлашишга доимо тайёрдир. Шу маънода, Ўзбекистон Республикасининг хорижда истиқомат қиладиган ҳамюртларимиз билан ҳамкорлик қилиш бўйича ишлаб чиқилаётган давлат сиёсати Концепцияси чет элдаги ёшларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга фаол иштирок этишга жалб қилишга хизмат қилади.
Тадбирда “Petronas” давлат нефть компанияси ходими Улуғбек Рустамбеков мазкур концепцияни Ўзбекистон ҳукумати очиқлигига хизмат қиладиган мислиз қадам деб баҳолади. Ўзини этник ва тил жиҳатдан Ўзбекистонга мансуб деб ҳисобловчи хорижий фуқароларни ҳам қамраб олган “ҳамюртлар” тушунчасининг кенгайтирилиши уларга Ватанимиз билан маданий-тарихий алоқаларни йўлга қўйишига ёрдам беради.
У. Рустамбеков Ўзбекистон ҳудудидатадбиркорлик, инвестициявий, илм-фан, таълим ва маданий фаолиятни амалга ошириши учун ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий шароитларнинг яратилиши ҳамюртларимизнинг Ўзбекистонга қайтишини кафолатлашини билдирди.
«Data Micron Systems» компанияси ходими Шарофиддин Файзиевнинг фикрича, Ўзбекистонда хорижда истиқомат қиладиган ҳамюртларимиз билан ишлаш Концепциясининг қабул қилиниши, хорижий давлатлар олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ватанпарварлик туйғуларини кучайтириб, уларни келгусида давлат муассасаларига ишга жойлашиш мақсади билан Ватанимизга қайтишга ундайди.
Шунингдек, Ш.Файзиев, ҳамюртларимизнинг чет элда олий таълим олгани ва иш тажрибасига эгалигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистонга қайтиши билан уларни ишга жойлаштириш механизмини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ деб билдирди. Келгусида амалиётга тадбиқ этиш ақсадида юртдошларимиздан олинган инновацион технологиялар тўғрисидаги маълумотларни узатиш ва сақлаш бўйича ягона базани яратиш зарурати алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида ҳамюртларимиз бир овоздан халқ дипломатиясидан кенг фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётини ривожлантиришда уларнинг ҳам фаоллигини ошириш зарур деган тўхтамга келишди. Ўзбекистонлик юқори малакали мутахассислар Ватан равнақи йўлида мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг турли соҳаларини такомиллаштириш бўйича ўз мутахассислиги ва тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, ўз ишланмаларини тақдим этишга тайёрлигини билдирди.
Манба: ЎзА