Ички ишлар органларида хизмат қилаётган энг фаол матбуот ходимлари муносиб тақдирланди
Бугун Ички ишлар вазирлиги Маданият саройига ташриф буюрган ички ишлар органлари ходимларининг кайфияти ўзгача боиси «27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни» муносабати билан ажойиб тадбир дастури ташкил этилди.
Уни вазирликнинг Кадрлар бош бошқармаси, Маънавий - тарбиявий ишлар ва ижтимоий ҳимоя бошқармаси бошлиғи полковник Хамза Махсумов очиб берди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, «Олтин қалам» миллий мукофоти соҳиби, журналистика соҳасининг устозларидан бири Сайид Умиров ташриф буюриб, йиғилганларга журналистика соҳаси тарихи ва бугунги ҳолати ҳақида қимматли маълумотларни тақдим этган бўлса, таниқли сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбеков юрт ривожида ОАВнинг тутган ўрни ва бугунги куннинг долзарб масалалари ҳақида қизиқарли маърузани йиғилганларга тақдим этди.
Маърузадан сўнг полковник Хамза Махсумов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг Ички ишлар вазирлиги фаолиятини ёритишда доимий равишда ҳамкорлик қилаётган оммавий ахборот воситалари вакилларини ҳамда ички ишлар органларининг бир гуруҳ ходимларини рағбатлантириш тўғрисидаги Ички ишлар вазирининг буйруғини ўқиб эшиттирди. Унга мувофиқ вазирлик билан самарали ижодий ҳамкорлик қилиб келаётган бир қатор оммавий ахборот воситалари вакиллари алоҳида эътироф этилиб, қимматли совғалар билан тақдирландилар.
Ўз ўрнида тадбирда байрам муносабати билан хизмат вазифаларига виждонан ва сидқидилдан ёндашиб, ички ишлар органларида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни оммавий ахборот воситаларида ёритишда фидойилик билан хизмат қилиб, фуқаролар орасида ички ишлар органлари ходимларига нисбатан ишончининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ва юксак касб маҳоратларини намоён этган ходимларни рағбатлантириш мақсадида вазирлик томонидан ташкил этилган «Ички ишлар органлари матбуот хизматининг энг фаол ходими» кўрик-таловининг якуний босқичида ғолиб деб топилган бир қатор ходимлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан ажратилган қимматли совға ва дипломларни Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Қутбиддин Бурхонов ўзининг самимий табрикларини билдириб, ўз эгаларига топширди.
Жумладан «Кўрик-танловнинг барча талаблари бўйича фаоллиги учун» номинациясида Қашқадарё вилояти ИИБ Матбуот гуруҳи раҳбари - бошқарма бошлиғининг матбуот котиби, подполковник Ирода Расулова фаҳрли биринчи ўринга, Фарғона вилояти ИИБ Матбуот гуруҳи раҳбари - бошқарма бошлиғи матбуот котиби, подполковник Умиджон Солиев иккинчи ўринга, Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси Матбуот гуруҳи раҳбари-бошқарма бошлиғининг матбуот котиби, капитан Фарход Тошбоев эса 3-ўринга муносиб кўрилиб, пул мукофоти ва дипломлар билан тақдирландилар.
Шу билан бирга, тадбирда кўрик-танловнинг асосий номинациялари бўйича Наманган вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони саф бўлинмалари отлиқ гуруҳ отлиқ-ходими, сафдор Шокиржон Хошимов “Энг яхши телевидение материали учун”, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси Матбуот гуруҳи бошлиғи, капитан Дилмурод Жўраев “Энг яхши радио материали учун”, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЁХББ Ахборот-коммуникация технологиялари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси бошлиғи, майор Жалолиддин Ҳакимов “Энг яхши матбуот материали учун” ҳамда Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси Матбуот гуруҳи раҳбари-бошқарма бошлиғининг матбуот котиби подполковник Зокир Исмоилов “Энг яхши интернет материали учун” диплом ва ноутбук билан мукофотландилар.
Ўз ўрнида яна бир маълумотни қайд этиб ўтиш керакки, журналистнинг ҳар бир мақола, телемаҳсулот ёки ижодий иши фото ва видеотасвирчиларнинг олган суратлари, видео тасвирлари ҳамда видеомонтаж усталарининг ишлари билан янада таъсирли, яънада эътиборли бўлади. Айнан шу жиҳатлар инобатга олиниб, вазирлик томонидан бир қатор қўшимча номинациялар жорий этилиб уларнинг меҳнати ҳам алоҳида эътироф этилди. Хусусан, “Энг яхши фотосурат учун” номинациясида Сирдарё вилояти ИИБ Матбуот гуруҳи раҳбари-бошқарма бошлиғининг матбуот котиби, капитан Достон Шамсидинов, “Энг яхши видеомонтаж учун” номинациясида Тошкент шаҳар ИИББ ППХБ 3-батальон штаб катта инспектори, катта сержант Шерали Мирзачаев ҳамда “Энг яхши видеотасвир учун”номинациясида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси сафарбар мухбирлар гуруҳи тасвирчиси, сафдор Дилмурод Зияевлар энг сўнгги русмдаги планшет ва диплом билан тақдирланган бўлсалар, «27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни» муносабати билан вазирликнинг Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси шахсий таркибининг бир қатор ходимлари пул мукофоти билан тақдирландилар.
Шунингдек, ИИВ муассислигида нашр қилиб келинаётган “Постда” ва “На посту” газетасининг ходимлари ҳам давлатимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ишлар, сиёсий жараёнлар ва ички ишлар тизимидаги ислоҳотлар борасида холисони фикр юритиб, ўзларининг танқидий-таҳлилий материаллари билан жадал фаолият юритаётганликлари учун байрам муносабати билан рағбатлантирилди.
Мухтасар айтганда, вазирлик томонидан тақдирланган хар бир матбуот ходими, тизимнинг ривожи, халқнинг ишончини қозониш йўлида қилинаётган ишларни кенг жамоатчиликка тақдим этишдаги фидойи меҳнатлари эътиборсиз қолдирилмаслигини кўриб, ғурур ва ифтиҳор ила мамлакатимиз Президенти ҳамда Ички ишлар вазирига ўзларининг самимий миннатдорчилигини билдирдилар. Ишонамизки, бугун қилинган эътибор ва рағбат келгусида улар фаолиятларида янада жадал, ташаббускорроқ бўлишга пойдевор бўлади - дея хабар беради ўз мухбиримиз Мирзо Улуғбек Мадалимов.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги