Идоралараро мобиль гуруҳлар – бу гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши курашда халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди
«Ўзэкспомарказ»да Ўзбекистонда гиёҳванд моддалар айланишига қарши курашувчи Идоралараро мобиль гуруҳлар фаолиятини ишга тушириш расмий маросими бўлиб ўтди. Мазкур мобиль гуруҳлар Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси ходимлари иштирокида ташкил этилмоқда.
Расмий маросимда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нобуаки Ито ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар, дипломатик ваколатхоналар вакиллари иштирок этди.
Идоралараро мобиль гуруҳлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси томонидан миллий бенефициарларга Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилган 30 дона транспорт воситаси ва бир қатор махсус асбоб-ускуналар топширилди.
Тадбирда таъкидланганидек, эндиликда керакли техник воситалар билан яхши таъминланган Идоралараро мобиль гуруҳлар Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ноқонуний гиёҳванд моддалар савдосига қарши биргаликда патруллаш амалиёти ва тезкор тадбирларни амалга оширади.
– Бугунги тадбир республикамизнинг гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши саъй-ҳаракатлари давомийлигининг далолати, шунингдек, Ўзбекистоннинг 2017-2019 йилларда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» бажарилишининг оралиқ натижаларидан бири ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази директори Олим Нарзуллаев.
Маълумки, Марказий Осиё давлатлари ҳудудлари орқали «шимолий йўналиш» бўйлаб рўй бераётган гиёҳванд моддалар контрабандаси, Афғонистонда гиёҳванд моддалар етиштирилиши миқдори юқори даражада сақланиб қолмоқда, бундан ташқари, жиноий гуруҳлар томонидан янгича услублар ва технологияларни қўллаш кузатилмоқда. Бу эса мазкур иллатга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасида ўзаро ахборот алмашинувини таъминлаш, фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни кучайтиришни талаб этмоқда.
Расмий маросимдан сўнг тадбир иштирокчилари Идоралараро мобиль гуруҳлар учун топширилган транспорт воситалари ва махсус асбоб-ускуналар билан яқиндан танишди.
Инобат Аҳатова, Аъло Абдуллаев (сурат) ЎзА
Манба: ЎзА