Ўзбекистон ва АҚШдаги Президент сайловларидан кейин икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди. 2018 йилда «Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши» деб номланган Қўшма баёнот қабул қилинди. Бу ҳужжат икки давлат раҳбарларининг якдил ва қатъий иродаси ифодаси бўлди.
Янги давр ўз номи билан янги. У ўзаро англашув, ҳурматнинг янги даражасини бошлаб берди. Вашингтондаги қабул маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёев “...Гарчи мамлакатларимиз географик нуқтаи назардан бир-биридан олис бўлса-да, меҳнатсеварлик, бағрикенглик ва ватанпарварлик каби қадриятлар халқларимизни бирлаштириб туради”, деди. Дональд Трамп эса "...Ишонаманки, сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилган ҳамкорлигимиз икки мамлакат порлоқ келажагининг муқаддимаси, холос", дея эътироф этди.
Олий даражадаги учрашувда тилган олинган бу жиҳатлар халқларимизни бир-бирига чуқурроқ, қайтадан англата, таништира бошлади.
Беруний ва Колумб
Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларида икки мамлакат Президентларининг янги даврни бошлаб бергани бежиз эмас. Бунда тарихий ҳикмат бор. Американи икки киши кашф қилган. Илк бор – Беруний, сўнгра – Колумб. Шунинг учун Манхеттенда турган Колумбнинг олдига Берунийнинг ҳайкали ўрнатилса, тарихий адолат қарор топарди. Бу Колумбнинг қўлига харита бериб, йўл кўрсатган буюк Берунийга миннатдорлик изҳори бўларди. Худди Францияда Соҳибқирон Амир Темурга қўйилган “Европа халоскори” ҳайкалидек...
2012 йилнинг 13 октябрь куни Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ўз сайтида “... 1492 йилнинг 12 октябрида Христофор Колумб Америка қитъасини европаликлар учун кашф этган эди. Европаликлар учун дейишимнинг сабаби, осиёликлар, хусусан, қадимий турклару хитойликлар қадим-қадимдан Европа учун номаълум бўлган қитъа билан таниш эдилар”, деган сатрларни битди.
Географик масофа, биз 74 йил яшаган собиқ тизимнинг мафкураси америка ва ўзбек халқларининг бир-бирлари ҳақидаги тасаввурларида ўз изини қолдирганини яхши биламиз. Бу ҳақда Аҳмаджон Мелибоев шундай ёзади: “Шўролар даврида чоп этилган китобларни ўқисанг, Ғарбга сафар қилиш у ёқда турсин, бу тўғрида ўйлашга ҳам хоҳишинг қолмасди. Нега десангиз, уларда ёзилишича, дунёнинг жамики иллати – шу жойда, жамият ириб-чириб бораётган, бойлар камбағалларни эзиб-янчаётган, фермерлар ортиқча маҳсулотларини арзон-гаровга сотишдан кўра, устига керосин сепиб ахлатга ташлаётган бўларди. Кўчага чиқсанг – қарсо-қурс отишма тўс-тўполон. Бир ёқда юз қаватли, салобатидан булут чўчийдиган ҳашаматли бинолар, иккинчи ёқда майда-чуйда, пуф дейилса, тўзғиб кетадиган хароба уйлар. Меҳр-мурувват, саховат, деган гапдан асар ҳам йўқ. Бу гапларга ишонганмиз. У пайтларда ишонмасликнинг ўзи гумроҳлик эди...” Ёшларимизга бундай қараш ғалати туюлар. Лекин айнан шундай эди. Бу синфий ёндашув, дейиларди.
Бугун – халқаро муносабатларнинг мутлақо янги – тенглик, ўзаро ҳурматга асосланган формати амалда. Ўзлигимизга ҳурматимиз ошгани сари жаҳоний эътиборимиз юксалмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Дональд Трамп таклифига биноан 2018 йил 15-17 май кунлари АҚШга қилган расмий ташрифи бунинг яққол мисоли бўлди. Икки давлат Президентларининг қўллари яхши ният, бир-бирини англаш, ҳурматга қурилган, узоқ муддатли шериклик учун маҳкам сиқилди.
Америкача меҳнатсеварлик
Тарихдан маълум, америка қадриятлари янги ерга яхши ҳаёт умидида кўчиб келган, ўз қобилият ва матонатини ишга солиб, қийинчиликларни енгиб яшаган муҳожирларнинг орзуларидан бошланган. XIX асрда машҳур бўлган, фақат ўзига ва отига ишонувчи, барча хавфларга қарши тура олувчи мард, бирсўз, таваккалчи ковбой образи маълум. Ана шу “ковбой руҳи” билан “миллат оталари” раҳнамолигида курашиб, мустақилликка чиқишди. Ўрмонлар ўзлаштирилди, конлар топилди. Саноат гуриллаб, осмонўпар бинолар қурилди. Тадбиркорлар бойиб, ишчи ўринлар кўпайди, одамларнинг самарали меҳнатига, фаровон яшашига шароит яратиб берилди. Америкаликлар буни яхши билади ва “бойлар бировларнинг ҳисобига яшайди”, деб ҳисоблашмайди.
Ростдан шундайми? Манбаларга кўра, америкаликлар бир ҳафтада 38 соат ишлайди. Бу француз, немис, австралияликларга қараганда кўпроқ.
Бунда америкаликларнинг миллий ғояси – “Америка орзуси”нинг роли катта. Бу ибора америка халқи моддий ва маънавий орзуларининг ифодаси. Уильям Сефайрнинг “Сиёсий луғати”да "Америка орзуси” – бу, “асосчи оталар” белгилаб берган идеал эркинлик ва имкониятларнинг ифодаси; америка миллатининг маънавий қудрати, агарда АҚШ тузуми Америка сиёсатининг скелети бўлса, “Америка орзуси” – унинг қалби”, дейилади. “Америка орзуси”нинг таркибий қисмлари сифатида ҳалол меҳнат билан ўзини намоён қилиш, эркин тадбиркорлик, ижтимоий масъулият, ватандошларни ҳурмат қилиш, жамиятда одамнинг ҳурмат-эътибори ва ролининг ошиши эътироф этилади.
Америкаликлар маънавиятида келажакка ишонч етакчи қадрият ҳисобланади. Бу уларга туганмас оптимизм руҳини бағишлайди. Шунинг учун улар омадсизликка учраса "Бу гал ўхшамади, лекин энди оқилона йўлларини топаман", деб ишни қайта бошлайди.
Кейинги ўн йилликлар америкаликларнинг келажакка интилишига кучли импульс берди. Айниқса, ахборот технологиялари уларни “олға югурувчилар”дан “олдинга сакровчилар”га айлантирди. Ҳамма нарса компьютерлашди. Интернет, сунъий йўлдошга уланган телефонлар аҳоли мобиллигини бир неча карра тезлаштириб юборди.
Америкаликлар фарзандларини ҳали болалигиданоқ мустақил қарорлар қабул қилишга ўргата боради. 18 ёшдан бошлаб ёшлар ота-онага юк бўлмаслик учун ота уйини тарк этиб, ўқишга, ишга чиқиб кетади. Шахсий ҳаёти билан боғлиқ барча муаммоларни ўзлари ҳал қилади. Ёшларнинг ота-она бағрида 18 ёшдан кейин қолиб кетиши атрофдагиларда улар ҳақида “хом”, ҳаётга тайёр эмас”, “умуртқаси йўқми, ота-онасига юк бўлаяпти”, деган норозиликни уйғотади. Баъзан ота-она ёш ўғил-қизларига ёрдам беради. Бироқ, буни боламиз уялмасин, деб ими-жимида қилади.
Америкаликлар вақтни – пул, дейди. Бу қоидага нафақат ишлаб чиқаришда, балки ҳамма жойда, масалан, савдо ва хизмат кўрсатишда ҳам амал қилишади. Жараёнларни автоматлаштириб, ҳамманинг вақтини тежашади. Айни вақтда ишчан ва ғайратли одамларни кўпроқ ҳурмат қилишади. Шунинг учун бой америкаликлар қартайиб қолганида ҳам ишлайди. Пул учун эмас, ишсиз яшай олмаслиги учун.
Социологларнинг тадқиқотларига кўра, америкаликлар монохрон маданиятга мансуб халқ. Яъни улар ҳар бир ишни бирма-бир, қатъий кетма-кетликда, тартиб билан, ўзбекча қилиб айтганда, рисоладагидек бажаришади. Ҳатто тартибга риоя қилиш уларнинг ўша лаҳзалардаги манфаатига зид келса ҳам. Масалан, мактабда қўнғироқ чалингач дарс ҳар қанча қизиқ бўлмасин ёки машғулот тугалланмаган бўлса ҳам тўхтатилади.
Полихрон маданиятга амал қилувчи мамлакатларда ишларни бир вақтда, йўл-йўлакай қилиб олиш, учрашув ёки мажлисга бироз кечикиб борилиши ва бунга аҳамият берилмаслиги ҳам мумкин. Бироқ, америкалик учун вақт алоҳида қийматга эга. Шу сабабли, унда ҳаракатдан тўхташ, бекорчи гаплар учун вақт бўлмайди. Зеро, муайян вақтдаги амалий натижадорлик ва фойдали фаоллик қадрланади.
Америкача ватанпарварлик
Америкада тўплаган пулининг миқдори билан у одам қанчалик фаоллиги ва жамият учун фойдалилик даражаси белгиланади. Айни вақтда одамлар у ҳақда нима дейишаётгани, уни қандай баҳолашаётгани ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Шу тариқа ҳар бир одамнинг эришган муваффақияти у ҳақидаги ижтимоий фикрда акс этади.
Одамларнинг эътирофи, машҳурлик жамиятда таниш-билишлар даврасини кенгайтиради. Бироқ яқин дўстлар кам бўлади, чунки дўстлик вақт талаб қилади. Вақт эса – пул. Одатда америкаликлар нотаниш одамларга, қўшниларига яхши муносабатда бўлишади, бироқ улар билан дўстона муносабатларга киришмайди.
Америка телеканалларида дастурлар кўп, ранг-баранг. Оммабоп шоулар бепул бўлиб, ўртамиёна дидга мўлжалланган. Мумтоз, классик асарлар – опера, балет, симфоник мусиқа, шеърий асарлар эса тансиқ. Чунки улар қиммат баҳоланади. Улардан баҳраманд бўлиш учун пулли телеканалларга боғланиш керак.
"Америкаликлар – огоҳ миллат. Бу ерда бирор шубҳали, қонунга зид иш билан шуғулланаётган таниши ёки қўшнисининг устидан тегишли органларга хабар бериш уят ҳисобланмайди. Америкаликлар характерининг мана шу фазилати кўплаб жиноятларнинг олдини олиб, хавфсизлик даражасини оширишга катта ёрдам бермоқда. Жиноятчилик Германия, Норвегияга қараганда кўп (ҳар 100 минг кишига 4,6 та қотиллик). Бироқ, бу кўрсаткич айрим мамлакатларга нисбатан паст ва пасая бормоқда. Масалан, 2005 йилда ҳар 100 минг кишига 416 та автомобиль ўғирлиги тўғри келган бўлса, 2010 йилга келиб бу рақам 239 тага камайган.
АҚШда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган жамоатчилик назорати йўлга қўйилган. “Халқ дружиналари” фаолият кўрсатади. Улар Neighborhood Watch (Огоҳ қўшничилик) деб номланади. Одамлар гуруҳларга уюшиб, кўчаларда патруллар ёрдамида тартиб сақланишини назорат қилишади. "Биз бир-биримизни эҳтиёт қиламиз" шиори остида амалга оширилаётган превентив чоралар жиноятчиликнинг олдини олишда катта самара бермоқда", деб ёзади visasam.ru/emigration нашри.
Америкача бағрикенглик
Хайрия ва таълимга ҳомийлик қилиш жамият томонидан юксак қадрланади. Бу фалсафа гуманитаризм, деган ном олган. Масалан, АҚШнинг машҳур ва бой кишиларидан Жон Рокфеллер “Сиз нима учун университет қуришга катта маблағингизни ҳадя қилаяпсиз?”, деган саволга: «Худо менга пул берди, нега мен уни Чикаго университети қурилишига сарфламаслигим керак?”, деб жавоб берган. Кўпчилик америкаликлар одам ўз умри ва бойлигининг бир қисмини инсонпарварлик мақсадларига сарфлаши керак. Ана шунда уни Худо ярлақайди, одамлар ундан рози бўлади, деб ҳисоблашади. Бундан америкаликларда маънавий ва моддий қадриятлар бир-бирини тўлдириб туради, деган хулосага келиш мумкин.
Эътибор беринг, жаҳон хайрия индекси бўйича АҚШ 2017 йилда 139 мамлакат ичида 5-ўринни, 2016 йилда 50 мамлакат орасида ўтказилган “Миллий таълим тизими самарадорлиги индекси” тадқиқотида 1-ўринни эгаллаган.
Эркинлик, демократия даврида яшаяпмиз. Шу сабабли Америка ҳақида фикр билдирилганда кимдир ижобий, кимдир салбий фикрларини ёзади. АҚШда яшаб келган бир фуқаро “АҚШ бизнинг миллий қадриятларимизни бузаяпти”, деган ватанпарварларга қўшилолмайман. Чунки мен АҚШдан қайтиб келгач, америка қадриятларидан бирортасини мамлакатимизда кўрмадим. Масалан, шаҳардан узоқда автоҳалокатдан жабрланган одамни вертолётда олиб кетишганини, йўлларда “Тез ёрдам” машинасига йўл бериб, ўтказиб юборишларни, сени биров қувиб ўтаётганида тезликни оширмасликни, ахлатларни белгиланган пакетларда, турига қараб ташлашни, эшик тагида қолдирилган почта бандеролига ҳеч ким тегмаслигини, қўшнилар орасида девор бўлмаслигини, супермаркетда сени ўтказиб юборган кишига раҳмат айтиб, узр сўрашни, автомобилни тақиқланган жойларга, болалар майдончалари ёнига қўймасликни, касса олдида 20 хил нарса харид қилган кишининг 1-2 нарса олган кишини навбатсиз ўтказиб юборишини, йўлда ётган ғишт синиғини олиб ташлашни, автомобилда бирор ҳайвонни бехос туртиб юборган ҳайдовчининг уни ветеринарга олиб борганини, ҳали жуда ёш боланинг полиция ходимидан туфли боғичини ўтказиб беришини сўраши одатий ҳол эканлигини, яқин инсони вафот этган киши қўшнилардан ёрдам сўрашини эмас, қўшнилар унга ёрдамга келишини мен Америкада кўрдим. Бу америка қадриятларидан бирортасини мамлакатимизда кўрмадим”, деб ёзибди.
Маънавий қадриятлар, маданият, санъат халқларимизнинг бир-бирини англаши, “халқ дипломатияси”, гуманитар ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашнинг чексиз манбаидир. Бунинг ибрати Президентимизнинг Ўзбекистон тарихини дунёга тарғиб этаётган Фредерик Старр ва барча америкалик олимларга ташаккурларида намоён бўлди.
Ўзбек мақом санъатини ривожлантириш, дунёда тарғиб этишга қўшган ҳиссаси учун мақом ансамблининг собиқ хонандаси Изро Малаковга “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони берилгани унутилмас таассурот қолдирди. Изро Малаков юксак эътибор ва қадрдон ўзбек халқининг унвони учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Бу каби жиҳатлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантиришга асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Муҳаммаджон Қуронов,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари.
Манба: ЎзА