ЕИнинг "Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун бошқарув кадрларни тайёрлаш" лойиҳаси якунига етди
Шу муносабат билан "Lotte City Hotel Tashkent Palace" меҳмонхонасида 18 июнь куни лойиҳа якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида лойиҳа доирасидаги ишлар муваффақиятли амалга оширилгани қайд этилди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш доирасида ЕИ томонидан "Менежмент бўйича таълим" лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. 2013 йилдан амалиётга жорий этилган мазкур лойиҳа икки йўналишда иш олиб борди.
Биринчи йўналиш ЕИ томонидан 3,5 миллион евро миқдорида молиялаштирилди. Бунинг натижасида бир қатор корхоналарида Ўзбекистон кичик бизнес субъектларининг 162 нафар бошқарувчилари якка ва гуруҳ шаклидаги амалиёт ўташ имконига эга бўлди. Иккинчи йўналиш "Маҳорат дарслари"дан иборат бўлди. "Маҳорат дарслари"да 15 нафар мутахассис иштирок этди. Бу, ўз навбатида, 300 га яқин Савдо-саноат палатаси, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги 1303 маҳаллий бизнес вакиллари, шунингдек 96 нафар ёшнинг иш фаолиятини ташкил этиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш имконини берди, дейилади ҳисоботда.
Ўзбекистонлик тадбиркорлар малака ошириш учун Германияга йўл олди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кўмагида 20 нафар тадбиркор Германияда ўтказиладиган "Fit for partnership with Germany", GIZ малака ошириш лойиҳасида иштирок этиш учун жўнаб кетди.
Германиянинг Иқтисодиёт ва энергетика федераль вазирлиги ташкиллаштираётган дастур доирасида Шарқий Европа, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари корхона ва ташкилотлари раҳбарларининг германиялик компаниялар билан алоқа ўрнатишлари, ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришларига имкон берадиган ўқув машғулотлари ўтказилади.
Бишкекда "Ҳалол" меъёрли саноатга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Бишкекда 20-21 июнь кунлари Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги ва "Ҳалол" стандартига мувофиқ аккредитация қилиш бўйича халқаро форум котибияти билан ҳамкорликда "Ишонч ва халқаро ҳалол савдосини йўлга қўйиш" мавзуига бағишланган семинар ташкиллаштирилди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг маълум қилишича форумда мамлакатимиз вакиллари ҳам қатнашишган.
Тадбирда глобал миқёсда "Ҳалол" савдосини ривожлантириш, унинг таъминот занжири, тизимни қўллаб-қувватлаш, стандартлаштириш ва техник тартибга солиш, мувофиқликни баҳолаш, логистиканинг "Ҳалол" талабларига жавоб бериши каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди
Савдо-саноат палатасида 21 июнь куни тузилманинг йиллик фаолият натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтган тадбирда қуйидаги маълумотлар тақдим этилди:
Тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўналишида
Палата ижро қўмитаси ва ҳудудий тузилмалари томонидан ташкилотга аъзо ишбилармонлар манфаатини кўзлаб жами 46 минг 63 даъво аризаси киритилди. Шундан 40 минг 788 таси қаноатлантирилган. Биргина жорий йилнинг 5 ойи давомида бу кўрсаткич 18 минг 839 тани ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12% га кўп.
Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини ошириш ва экспортга кўмаклашиш йўналишида
Чет эл капитали иштирокида 72 қўшма корхона ташкил этишда ёрдам кўрсатилди. 322 корхона учун мини-технологиялар ва ускуналар топиш, харид қилишда амалий кўмак берилди. 208 та маҳаллий тадбиркорлик субъектларига жами 58,8 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларини хорижий давлатларга экспорт қилишга ёрдам берилди. 52 та халқаро кўргазма ва ярмаркаларда ССП аъзоларининг иштироки таъминланди. Ўзбекистонда 39 та, хорижда эса 13 та бизнес-форум ўтказилди, (Шундан 4 минг 175 таси маҳаллий, 1 минг 523 таси хорижий компаниялар иштирокида).
Статистик маълумотларнинг тўлиқ шакли билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин:
www.chamber.uz
Савдо-саноат палатаси маълумотлари асосида Улуғбек Шоназаров тайёрлади, ЎзА
Манба: ЎзА