Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда аудитни ривожлантириш истиқболлари
2018-06-25 | Жамият
Республикамизда бозор инфратузилмаси изчил равишда такомиллаштирилиб борилиши натижасида аудитнинг қонуний асослари шакллантирилди.
Аудиторлик хизматлари бозорини такомиллаштириш бўйича қатор қарорлар қабул қилинишига қарамасдан охирги йилларда аудиторлик фаолиятининг жадал ривожланиши кузатилмаяпти, аудиторлик касбининг халқаро миқёсдаги фаолиятга уйғунлашуви паст даражада қолмоқда, қабул қилинган чора-тадбирларнинг натижалари янги рақобатбардош аудиторлик ташкилотлари сонининг ўсишини етарли даражада таъминлай олмаяпти.
Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг халқаро аудит ривожланишининг замонавий тенденцияларига мослиги жиҳатдан танқидий ўрганиш, халқаро амалиётни ва чет мамлакатлар қонунчилигини таҳлил қилиш, бухгалтерлар ва аудиторларнинг профессионал ҳамжамияти, аудиторлик ташкилотлари вакиллари билан муҳокамалар қилиш аудиторлик фаолиятини тартибга солишнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш зарурлигини таққоза қилмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди ва унинг асосий мазмуни аудиторлик хизматлари бозорининг ахборотлар очиқлигини, унинг барқарор амал қилишини ва аудитор касби нуфузининг ошишини таъминлайдиган халқаро амалиётнинг замонавий талабларини ҳисобга олган ҳолда аудиторлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган. Булар ўз навбатида аудиторлик хизматлари бозорининг барқарор ривожланишига ва оқибатда республикамизда ишбилармонлик мухитининг сифат жиҳатдан яхшиланишига асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сонли Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги ПФ-4848-сонли Фармонида назарда тутилган аудиторлик ташкилотлари кўрсатаётган хизматлар сифати ва тақдим этаётган хулосаларининг ҳаққонийлиги учун жавобгарликни кучайтириш юзасидан улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга йўналтирилган тадбирларни амалга оширишнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Лойиҳада таклиф этилаётган нормалар аудиторлик фаолиятини тартибга солишнинг илғор халқаро амалиёти принципларига асосланган.
Молия вазирлиги сайтимиздаги “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит~Аудиторлик фаолияти~Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар” бўлимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси билан танишишингиз мумкин.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги