Жорий йилнинг 5 ойи давомида мамлакатимизда 131 минг нафардан ортиқ хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳаларда билим ва салоҳиятларини намоён этишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб бериш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, аёллар бандлигини таъминлаш Республика Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятининг устувор вазифаси бўлиб келмоқда.
Мазкур Қўмита томонидан ишсиз хотин-қизлар сони аниқланиб, улар 168 минг 634 нафарни ташкил этган эди. Ишсиз хотин-қизлардан бандлик марказларида 45 минг 892 нафари ҳисобда турса, хонадонма-хонадон юрилиб, 126 минг 231 нафари рўйхатга олинди. Жойларда корхона, ташкилотлардаги мавжуд бўш иш ўринларига 29 минг 785 нафар, кичик корхоналарга 8 минг 679 нафар, касаначилик соҳасига 3 минг 466 нафар, оилавий тадбиркорлик соҳасига 8 минг 967 нафар, ипак қуртини парваришлаш соҳасига 62 минг 335 нафар ва бошқа йўналишларга 18 минг 623 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилди.
Бундан ташқари хотин-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларни касбга қайта тайёрлаш борасида ҳам аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Манба: ЎзА