Сурхондарё вилояти ғаллакорлари давлатга дон сотиш шартнома режасини ортиғи билан бажарди
Жорий йил ҳосили учун вилоят фермерлари 95 минг гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос “Краснадор-99”, “Гром”, “Полавчанка” сингари эрта пишар ва серҳосил ғалла навларини етиштирди. Майсаларнинг бир текис ривожланишида тажрибали миришкорлар маслаҳати асосида иш юритилгани, сувдан тежаб, оқилона фойдаланилгани ва маҳаллий, минерал ўғитлар билан ўз вақтида озиқлантирилиб, замонавий технологиялар асосида парваришлангани ютуқлар омили бўлди.
Вилоятда ўрим-йиғимга алоҳида ҳозирлик кўрилиб, барча юмушлар уюшқоқлик билан ташкил этилди. Мавжуд ғалла майдонлари мавсумга пухта тайёрланиб, 320 отрядга мавжуд комбайнлар бириктирилди. 320 ўрим техникаси оператори ва уларнинг ёрдамчилари учун зарур қулайликлар яратилди. Йирик ҳаракат ва катта меҳнат эвазига етиштирилган донни нес-нобуд қилмай қабул пунктларига ташиш учун 1 минг 390 дан ортиқ техника жалб этилди.
Шартнома режасининг қисқа кунларда ортиғи билан бажарилишига Термиз, Денов, Жарқўрғон, Сариосиё каби туманлар фермерлари айниқса, салмоқли ҳисса қўшди. Воҳада ҳосили йиғиштириб олинган 87 минг гектардан ортиқ майдоннинг ҳар гектаридан ўртача 50-55 центнердан хирмон кўтарилди. Қумқўрғон туманидаги “Қумқўрғон мўъжизаси”, Жарқўрғон туманидаги “Меҳнат Роҳат Тажриба”, “Чашмаи Оби Равон”, Шеробод туманидаги “Абдимурод Омад Файз”, “Шерлар макони” сингари омилкор фермер хўжаликларида бу кўрсаткич 65-70 центнердан юқори бўлди.
–Дон–ризқ-рўзимиз, дастурхонларимиз кўрки, фаровон турмушимиз белгиси,–дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Ш. Бойқулов.– Ғалла парваришлашда бой тажриба тўплаган деҳқонларимиз эрта куздан ерга барака уруғи қадаб, қиш мўътадил, баҳорда ёғингарчилик кам бўлган йилда уни бир текис ўнгдириб олишга алоҳида аҳамият берди. Барча ишлар тажрибали ғаллакорлар маслаҳати асосида амалга оширилиб, мўл ҳосил тўпланди. Ғалвир сувдан кўтарилганда бу каби ғаллакорларнинг омбори донга тўлмоқда.
Маълумотларга кўра, воҳада буғдой етиштирган 3 минг 576 фермер хўжалигининг икки минг юзга яқини шу кунгача давлатга дон сотиш шартнома режасини ошиғи билан уддалаган. Деҳқонлар бу йил ғалладан бўшаган майдонларнинг 56 минг 128 гектарида такрорий экин парваришлашни мўлжалламоқда. Ерлардан унумли фойдаланиш мақсадида амалга оширилаётган бу иш уларга қўшимча даромад олиб келиш баробарида дастурхонларимиз тўкинлигию, бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
–Ўтган йил эрта кузда 40 гектар майдонга “Гром” навли буғдой уруғи қадаб, уни бир текис ўнгдириб олган эдик,– дейди Ангор туманидаги “Мурод қушбеги” фермер хўжалиги раҳбари О. Норқувватов .– Лекин, қиш ва баҳор фаслида ёғингарчиликнинг меъёридан анча кам бўлгани бизни катта синовдан ўтказди. Об-ҳаво ноқулай келган бу йилги шароитда шарбат усулида суғориш, қўшимча ишлов бериш ва минерал ўғитлар билан ўз вақтида озиқлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, мўлжалдагидан зиёд ҳосил тўпладик. Ўрим-йиғимни уч кунда якунлаб, давлатга 140 тоннага яқин дон топширдик. Режадан ортиқ етиштирилган буғдой ўз ихтиёримизда қолди. Ҳосилдан бўшаган майдоннинг бир қисмига мош ва маккажўхори уруғи қададик. Бу ҳам биз учун яхшигина қўшимча даромад, дегани. Эндиликда 20 гектар майдондаги ғўза ниҳоллари билан бирга такрорий экин парваришига алоҳида аҳамият бермоқдамиз.
Вилоятда дони йиғиштириб олинмаган 8 минг гектарга яқин ғаллазорда ўрим-йиғим қизғин давом эттирилиб, ҳосилдан бўшаган далалар сомони пешма – пеш йиғиштириб олинаётир. Сифатли шудгор қилинаётган майдонларнинг бир қисмига картошка, полиз, кунгабоқар, ерёнғоқ, мош ва бошқа озиқ-овқат ҳамда озуқабоп экинлар уруғи қадалмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА