“Пойтахт” бизнес марказида “Фуқаролар учун бюджет – 2018” нашри лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Банк-молия академияси мутахассислари, Тошкент молия институти профессор-ўқитувчилари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Мазкур нашр бюджет сиёсати мақсадлари ва устуворликларини яхшироқ тушунишга қаратилган бўлиб, фуқароларни бюджетни муҳокама қилиш ва унинг ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш жараёнига жалб қилишга ёрдам беради.
– Ҳар йили чоп этишга мўлжалланган “Фуқаролар учун бюджет” нашри Молия вазирлиги ва аҳоли ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди, – дейди Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг биринчи ўринбосари А.Ҳайдаров. – Янги нашрда асосий эътибор фуқароларни бюджет тизими, 2018 йилга мўлжалланган давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини шакллантириш ва уларнинг параметрлари ҳақида кенг хабардор қилишга қаратилган. Ҳозирда Молия вазирлиги томонидан давлат молиясини бошқариш соҳасида очиқлик ва ошкораликни янада ошириш бўйича бир қатор ишлар бажарилмоқда. Хусусан, мамлакат ва минтақани қамраб олувчи янги – “Очиқ бюджет” ахборот порталини ташкил этишни режалаштирдик. Бу орқали аҳоли мамлакатимиз молия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида янада қулай ва кенгроқ ахборотларга эга бўлиши мумкин.
Муҳокамада мутахассислар томонидан бюджет масалаларига оид маърузалар ўқилди, тақдимотлар ўтказилди. Иштирокчилар “Фуқаролар учун бюджет – 2018” нашри лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА
Манба: ЎзА