Ўз таркибида кўплаб корхоналарни жамлаган “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, бунда рақобатдош, экспортга йўналтирилган қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги турдаги сифатли қурилиш материалларига бўлган ички эҳтиёжни қондиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу талаблар эса маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга кенг имкониятлар эшигини очаётир.
Фикримиз исботи сифати юртимиздаги маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар фаолияти ҳақида тўхталиб ўтсак. Жиззах шаҳридаги “Mingyuan silu industry” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонаси улардан биридир.
Корхона безакли қурилиш ойнаси ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Унинг умумий қиймати 110 миллион доллар бўлиб, йилига 24 миллион квадрат метр ойна маҳсулоти ишлаб чиқариш лойиҳасининг биринчи босқичида 29 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Бунинг натижасида йилига 4 миллион квадрат метр безакли ойна ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва 210 та янги иш ўрни яратилди.
Эътиборли жиҳати, корхона нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Бундай имконият корхона фаолиятини кенгайтириш ва маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишда амалий натижалар олиб келади. Айни кунда 1 кунда 6 минг квадрат метр ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни ички бозорга чиқарилаётир. Шу билан бирга, безакли қурилиш ойна маҳсулотларини Қозоғистон, Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилмоқда.
Фориш туманида “Mega invest industrial” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонаси фаолияти ҳам юқорида тўхталиб ўтган корхона ютуқларидан асло қолишмайди. Унда умумий қиймати 61,9 миллион доллар (36,4 млн.доллар банк кредити, 17,6 млн. доллар чет эл инвестицияси) ўзлаштирилиши эвазига йилига 2500 тонна базальт толаси, 3000 тонна базальт толасидан арматура ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида қарийб 30 миллион доллар (шундан 14,6 млн. доллар эквивалентида банк кредити, 8 млн. доллар хорижий ва 6,9 млн. доллар эквивалентида маҳаллий инвестиция) ўзлаштирилди ҳамда базальт толаси ва ундан арматура ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 90 та янги иш ўрни яратилганини юртимизда ишбилармон тадбиркорларга яратилаётган қулайликлар натижаси дейиш мумкин.
Маълумот учун айтиш мумкинки, базальт толаси ва ундан қурилиш арматураси ҳам юртимиздаги янги қурилиш материалларидан биридир. Енгил ва ўта чидамли бўлган ушбу маҳсулот ўзининг замонавийлиги ва нархи арзонлиги билан ажралиб туради. Жаҳон бозорида унга талаб жуда юқори. Мутахассисларнинг фикрига кўра, базальт (қоратош) экологик тоза маҳсулот бўлиб, пўлат арматурага нисбатан 4 баробар енгил ва 3 баробар мустаҳкам, 2 баробар арзон, ташқи таъсирларга ўта чидамли ва умуман зангламайдиган қурилиш материалидир.
Ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган бу янги турдаги қурилиш маҳсулоти ҳам юртимиз аҳолиси учун катта янгилик бўлди. Негаки, халқимиз ҳамиша янги уй қуриб, орзу ҳавас билан яшашни истайди. Албатта, бундай эҳтиёжларни қондиришда маҳаллий ва хорижий тадбиркорларнинг ҳиссаси катта бўлаётганини мамнуният билан айтсак арзийди. Энди масаланинг яна бир муҳим томони бор: бу - экпорт ва талаб. Маҳсулотни катта миқдорда харид қилиш бўйича Европа давлатларидан таклифлар тушаётганини баралла айтсак, ноўрин бўлмас?!
Тадбиркорларга мана шундай имтиёз ва шароитларни яратиб беришда асосий ташкилот – “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятининг ҳам алоҳида ўрни бор. Жамият томонидан ахборот-коммуникация тармоғининг замонавий имкониятларидан самарали фойдаланиш яхши йўлга қўйилмоқда. Масалан, саноатнинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғининг ривожланиши тўғрисида ҳамда ушбу йўналишда қизиқтирган барча саволлар бўйича аҳолини кенг миқёсда хабардор қилиш мақсадида Telegram оммавий мессенжерида “O’zqurilishmateriallari” гуруҳи очилгани ҳам ҳар жиҳатдан қулай бўлди.
Шу билан бирга, истеъмолчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида бугунги кунда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг тавсифи, нархи, шунингдек, ушбу корхоналарнинг алоқа маълумотлари киритиладиган Telegram робот яратиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда. Бундай янгиликлар тизим фаолиятини замонавийлаштиришда энг муҳим омиллардан десак, сира адашмаган бўламиз.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: ЎзА