Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Афғонистон Президенти маслаҳатчиси билан учрашув
2018-06-20 | Сиёсат
2018 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Ҳаниф Атмарни қабул қилди.
Учрашув бошида Муҳаммад Ҳаниф Атмар қурғоқчиликдан жабр чеккан Афғонистон халқига кўрсатилган гуманитар ёрдам учун Президент Муҳаммад Ашраф Ғани номидан Ўзбекистон Ҳукумати ва халқига самимий миннатдорлик изҳор этди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Афғонистон ва минтақа кун тартибидаги муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Президент маслаҳатчиси Афғонистондаги вазият ҳақида батафсил маълумот берди. У 2018 йил 26-27 март кунлари Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси давомида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича изчил ва тизимли ишлар учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Афғонистон томони Ташқи ишлар вазирлигининг 18 июндаги Баёнотида келтирилган тинчлик музокаралари жараёнига кўмак кўрсатиш тўғрисидаги Ўзбекистон ҳукумати мавқейини тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Суҳбат давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий, гуманитар, таълим ва бошқа соҳаларда давлатлараро ҳамкорликнинг жадал ривожланиши мамнуният билан таъкидлади ва икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда Афғонистон Элчиси Саед Шаҳобиддин Тимурий иштирок этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги