Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлик қилаётган 3-сектор томонидан эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Одамларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этишда жойларда сайёр қабуллар, очиқ мулоқотлар муҳим аҳамият касб этаётир.
Қабулларда тегишли туман ҳокими, архитектура ва қурилиш бўлими масъуллари, тиббиёт бирлашмаси, прокуратура, ички ишлар бўлими, ободонлаштириш, туман электр ва газлаштириш тармоқлари каби идора ва корхоналар раҳбарлари иштирок этаётгани аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш имконини бермоқда.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари Ғ.Қодиров билан Пахтакор туманида ўтказилган учрашувда ариза, шикоят ва таклифларнинг асосий қисми шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Масалан, фуқаро Илёс Носиров “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги асосий катта кўчани таъмирлаш, ҳудудда нуронийлар учун чойхона қуришда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. Туман ҳокимининг бу масалани ижобий ҳал этиш юзасидан берган жавоби мурожаат этувчини қаноатлантирди.
Оқбулоқ қишлоғида яшовчи Эшмирза Бобомуродовнинг турмуш ўртоғини даволатиш учун ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам шу ернинг ўзида ҳал этилди. Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари беморни даволатиш учун пойтахтимиздаги тегишли тиббий марказга йўлланма беришни зиммасига олди.
Дренажлар ишламаслиги натижасида “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида хонадонлар зах кўтарилишидан азият чекаётгани, “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Дўстлик кўчасида янги ҳовлиларда яшовчиларнинг электр энергияси, табиий газ, Олтинкўл маҳалласидаги ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳам тегишли ташкилотлар раҳбарларидан ижро муддатлари аниқ белгиланган жавоблар олинди.
Сайёра Қуролова ва Лайло Сувонованинг иш сўраб қилган мурожаати бўйича туман ҳокими ёрдам кўрсатадиган бўлди. Албатта, бу фақат шу икки аёлнинг муаммоси эмас. Ишсизлик ҳудуддаги барча қишлоқларда катта муаммога айланган. Секторда ишсизликни камайтириш мақсадида ҳар бир оилани тадбиркорликка жалб этиш учун амалий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилинаётир. Хонадонларда чорвачилик, паррандачилик, тикувчиликни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тўғриси, муаммолар етарли, лекин барчасининг ечими бор. Бироқ, баъзан оддийгина мурожаатнинг тегишли ташкилот томонидан ҳал этилмаслиги туфайли фуқаролар йиллаб овора бўлаётгани ҳам рост. Учрашувда айнан шу жиҳатга, бундай муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга эътибор қаратилди.
Чунончи, ўнлаб фуқароларнинг биометрик паспорт олиш бўйича қилган мурожаати ана шундай оддий эътиборсизликдан бошқа нарса эмас. Ёки “Буюк ипак йўли” ва бошқа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида дайди ит ва мушуклар кўпайиб бораётгани ободонлаштириш бошқармаси мутасаддиларининг масъулиятсизлиги туфайли экани аниқ-ку!? Бу каби масалалар юзасидан бўлган мурожаатларни ҳал этиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
– Худди шундай учрашувлар сектор ҳудудидаги Дўстлик ва Арнасой туманларида ҳам ўтказилди, – дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари А.Аҳмедов. – Одамларнинг давлатга, адолатга ишончи ортиб бораётир. Шунинг учун эндиликда фақат шахсий масала билан эмас, ҳудудни ривожлантириш, ободонлаштириш, ёшлар тарбияси билан боғлиқ таклифлар ҳам кўпаймоқда. Бу сектор ҳудудий бошқарув сифатида ҳаётимиздан кенг ўрин олаётгани далилидир.
Дарҳақиқат, сектор ҳудудида кам таъминланган оилалар сони камайиб бораётгани ушбу ҳудудий бошқарув тизимининг энг муҳим ютуқлардан биридир. Чунки, бу муаммонинг камайиши ҳудудда аҳоли турмуш фаровонлиги юксалаётганининг асосий белгисидир.
Т. Бекназаров, ЎзА
Манба: ЎзА