Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Обод маҳалла - эзгулик бешиги
2018-06-20 | Жамият
Азалдан тинч юртга тўй-тантана, байраму шодлик ярашади дея бежиз айтилмаган. Бугун ҳам юртимизнинг ҳар бир гўшасида байрам, концерт дастурлари ўтказилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 17 июнь куни Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида жойлашган Гагарин шаҳарчасида, 18 июнда эса вилоятнинг Фориш тумани Хонбанди қишлоғида Президентимизнинг ташаббуслари билан амалга оширилаётган «Обод қишлоқ» дастурининг ижобий амалга оширилиши ва унда фидойи меҳнат қилаётган уста қурувчилар, маҳаллий аҳоли вакиллари ҳамда ҳашарчиларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари, уларнинг кайфиятига янада кўтаринкилик улашаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маданият саройи ашула ва рақс ансамбли санъаткорлари, шарқона созандалари иштирокида ажойиб концерт дастурлари ташкил этилди.
Дилларни яйратиб, томошабинларни хонандалар билан баралла қўшиқ куйлашга замин яратган концерт дастурларида вазирликнинг Маданият саройи ашула ва рақс ансамбли санъаткорлари, жумладан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Учқун Тиллаев, Дилноза Исмияминова, «Ниҳол» мукофоти совриндорлари Фарҳод Қамбаров, хонандалар Зокир Тўйчиев, Дилмурод Мусаев, Сухроббек Ҳамдамов ва шарқона созанда Абдулазиз Зокировлар ўзларининг ажиб куй-қўшиқлари билан, сўз усталари Зокир Очилдиев, Ўткир Муҳаммадхўжаев ва Аваз Охунлар эса кайфиятни кўтарувчи латифалари билан иштирок этдилар.
Шу ўринда бир нарсани қайд этиш керакки, ушбу шодиёналар шунчаки кўнгил ёзиш учун эмас, аксинча мамлакатимиз худудларининг ривожланиши, янги турар-жой масканларининг бунёд этилиши, аниқ мақсадларнинг амалга ошаётганини кенг нишонлаш ва унда ўзининг фидойи меҳнати билан ҳисса қўшаётган юртдошларимизнинг кўнгилларини кўтариш, уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун ташкил этилмоқда, - дея хабар беради мухбиримиз, катта сержант Мирзо Улуғбек Мадалимов.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги