Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент шаҳрида мобиль алоқа марказлари ташкил этилади
2018-06-20 | Жамият
“Хавфсиз пойтахт” концепциясини амалга ошириш доирасида жамоат тартибини таъминлаш кучларини мувофиқлаштириш ва мобиль алоқа марказларининг фаолият юритиши амалиёти жорий этилади.
Президентнинг 2018 йил 19 июндаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, Тошкент шаҳрида “Хавфсиз пойтахт” концепцияси жорий этилади.
Мазкур концепцияни амалга ошириш доирасида жамоат тартибини таъминлаш кучларини мувофиқлаштириш ва мобиль алоқа марказларининг фаолият юритиши амалиёти жорий этилади ва улар ички ишлар бўлимлари хизмат кўрсатиш ҳудудларига бириктирилади.
Қуйидагилар мобиль алоқа марказларининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
сутканинг кечки ва тунги вақтида хизмат олиб бориш давомида жамоат тартибини таъминлаш кучлари ва жалб этилган давлат органлари бўлинмаларини назорат қилиш, бошқариш ҳамда уларнинг самарали ҳамкорлигини ташкил этишда ички ишлар бўлимларига кўмаклашиш;
ҳодиса содир бўлган ёки сигнал берилган жойга жамоат тартибини таъминлаш кучларининг энг яқин патруль гуруҳи дарҳол етиб келишини таъминлаш орқали ҳуқуқбузарликлар ҳақида келиб тушган ариза, хабар ва бошқа маълумотлар бўйича тезкор чора кўриш;
жамоат тартибини таъминлаш кучларини мувофиқлаштириш ва ҳаракатлантириш мақсадида, жумладан, ҳодиса содир бўлган жойга бевосита чиққан ҳолда мобиль штаб функцияларини бажариш;
оммавий тадбирларни ўтказишда ва одамлар гавжум жойларда тезкор ва криминоген вазиятни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда бевосита кузатиш ҳамда визуал баҳолашни амалга ошириш;
жамоат тартибини таъминлаш кучлари томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган ва қидирувдаги жиноятчилар қўлга олинган ҳолларда ички ишлар ва прокуратура органларининг профилактика, тезкор ва тергов бўлинмалари жалб этилишини ташкил қилиш.
Манба: ЎзА