Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мустаҳкам оила – жамият таянчи
2018-06-20 | Жамият
Халқ таълими вазирлиги томонидан ёшларни таълим-тарбия жараёнига кенг жалб этишда оила, маҳаллаларнинг фаоллигини таъминлаш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш масаласида бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган.
Хусусан, жорий йилнинг 19 июнь куни Чилонзор тумани “Баркамол авлод” болалар марказида Халқ таълими вазирлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари учун “Мустаҳкам оила” дастури доирасида эришилган ижобий натижалар ва келгусидаги ҳамкорлик ишларига бағишланган брифинг ташкил қилди.
Мазкур тадбирда Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти ва масъул ходимлари, “Мустаҳкам оила” дастурининг миллий тренерлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва дастурда қатнашган ота-оналар фарзандлари билан иштирок этишди.
Семинарда сўзга чиққан Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев ва бошқалар таълим муассасаларида ташкил этилаётган бу каби тадбирлар самарадорлигини ошириш, ота-оналарни фарзандлари билан дўстона ва ишончли муносабатларни шакллантириш, аввало фарзандини тинглаш, тақиқлар орқали эмас, балки рағбатлантириш орқали фарзандини тўғри мақсадлар сари йўналтириш, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг оқибатларини тўғри тушунтириш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Қайд этиш лозимки, 2016-2017 йилларда дастур Тошкент шаҳрининг 7 та мактабида қўлланилган бўлса, жорий йилда Халқ таълими вазирлигининг ташаббуси билан Тошкент шаҳрининг барча туманларида амалга оширилди. Апрель-май ойлари давомида миллий тренерлар ва тренингга жалб этилган халқ таълими тизими ходимлари томонидан дастур пойтахтимизнинг 12 та умумтаълим мактабларида амалга оширилиб, жами 120 та оила қамраб олинди. Дастур 7 хафта давомида, хафтасига бир марта, турли ҳил ўйинлар, таълимий дастурлар, мунозаралар тарзида ташкил этилди ва ушбу машғулотларда ота-оналар ўз фарзандлари билан биргаликда топшириқларни бажариб бордилар.
Тадбир давомида ота-оналар ва уларнинг фарзандлари “Мустаҳкам оила” дастури доирасидаги 7 ҳафталик тренинглардаги иштироки ва таассуротлари ҳақида гапириб ўтдилар.
Якунда иштирокчилар томонидан оилаларни мустаҳкамлаш орқали эрта ўсмирлик ёшидаги болаларни тўғри йўлга йўналтиришга эришиш, ота-оналар ва болалар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш масалаларига қаратилаётган доимий эътибор юксак самараралар бераётгани таъкидланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги