Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Бюджет-солиқ тизими очиқлик тамойилига асосланади

2018-06-20 | Иқтисодиёт

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида бюджет тизимини қайта кўриб чиқиш, бюджет даромадлари ва харажатларининг халқимиз учун очиқ-ошкора бўлишини таъминлаш зарурлигини таъкидлаган эди. Зеро, давлат ва жамият бошқарувидаги очиқлик, мамлакат бюджетининг тақсимланиши ва сарфланишидаги шаффофлик чинакам халқ ҳокимиятини қарор топтириш ва фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг муҳим шартидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Бюджет шаффофлиги ва бюджет-солиқ соҳасидаги хатарларни баҳолаш” мавзуида ташкил этилган семинар мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиш, давлат маблағларини мақсадли сарфлаш бўйича ахборотни эълон қилишнинг халқаро меъёрлари юзасидан фикр алмашиш имконини берди.
 
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда парламент аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, банк-молия, солиқ тизими мутахассислари, тадқиқот институтлари, Халқаро валюта фонди етакчи экспертлари иштирок этди. Тадбирда давлат ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини тақсимлаш ва сарфлашдаги шаффофлик, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги маълумотлар очиқлиги тамойиллари муҳокама қилинди.
 
Ўзбекистон Халқаро валюта жамғармасининг маълумотларни тарқатишдаги кенгайтирилган умумий меъёрларига қўшилган. Бу ташкилотнинг 2018 йил 3 майдаги баёнотида ўз аксини топган. Шу асосда мамлакатимизда халқаро молия институтлари, хусусий сектор ва илмий доира вакиллари иштирокида давлат молия тизими бошқарувини ислоҳ қилиш, ички ва ташқи фойдаланувчилар учун бюджет маълумотлари очиқлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
 
– Бюджет тизимини, давлат мақсадли жамғармалари маблағларини шакллантириш ва ижро этиш тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш бюджетнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашнинг муҳим шарти, – дейди Молия вазирлиги бўлим бошлиғи Исмонжон Мамажонов. – Шуларни инобатга олган ҳолда Давлат бюджети бош бошқармаси, Молия вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорликда мамлакатимизнинг 2018 йил учун мўлжалланган бюджети ижросини эълон қилишни режалаштирган. Мазкур маълумот фуқаролар учун тушунарли тилда, қўшимча изоҳлар ва инфографика тарзида ишлаб чиқилди. Ҳужжат яқин кунларда омма эътиборига ҳавола этилади.
 
Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда бюджет-солиқ сиёсати соҳасида замон талабларига жавоб берадиган янгича ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бунда халқаро амалиёт ва тажрибани ўрганиш асносида миллий ёндашувлар қайта кўриб чиқилаётганини қайд этди.
 
Семинар доирасида халқаро экспертлар бюджет-солиқ ҳисоботи, давлат молиявий статистикасини тузишни умумэътироф этилган кўрсаткичлар асосида олиб бориш, маблағлар қамрови, бюджетни ўрта муддатли режалаштириш ва дастурий маблағ билан таъминлаш каби муҳим масалаларда ўз тақдимотлари билан иштирок этди.
 
– Ўрта муддатга бюджетни режалаштириш ривожланган мамлакатлар тажрибасида кўп учрайди, – дейди Халқаро валюта фонди маслаҳатчиси Мат Крук. – Бу бюджет маблағларини тақсимловчилар ва бюджет ташкилотлари учун ўз фаолият истиқболларини узоқроқ даврга прогнозлаштириш имконини беради. Ўзбекистонда ҳам жорий йилдан ўрта муддатли бюджет ишлаб чиқилди, биз буни юқори баҳолаймиз. Унинг босқичма-босқич, мақсадли амалга оширилишида ўзаро мулоқот ва тажриба алмашиш муҳим аҳамият эга.
 
Ҳисобот даврида давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини баҳолаш мезонлари, мақсадли жамғармалар маблағларининг белгиланган мезонлар доирасида ижро этилиши бўйича маълумотлар очиқлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Мулоқот чоғида давлат бюджети даромадларининг шаклланиши ва харажатларининг сарфланишида макро-фискаль тенденцияларни таҳлил қилиш ва молиявий кўрсаткичларни умумий баҳолаш масалалари зарурлиги қайд этилди.
 
Экспертлар фикрича, Ўзбекистон Халқаро валюта жамғармасининг солиқ-бюджет соҳасида шаффофлик масалалари бўйича кодексига мувофиқ ўтказилаётган баҳолаш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Бу мамлакатнинг солиқ-бюджет маълумотлари ошкоралигини таъминлашда халқаро ҳамжамиятга интеграциялашиш йўлидаги интилишини намоён этади.
 
Тадбир сўнггида мамлакатимизнинг Халқаро бюджет ҳамкорлиги ташкилоти томонидан ўтказиладиган бюджет очиқлиги сўровида иштирок этиши бўйича истиқболда ўрта муддатли ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться