Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ташкил этилганига бир йил тўлиши муносабати билан бюронинг Тошкент вилояти бошқармасида тадбир ўтказилди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент вилояти кенгаши, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вилоят ҳудудий бирлашмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда аҳолининг тўлов интизомини янада яхшилаш, ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш каби масалалар муҳокама этилди.
Вилоят МИБ томонидан 1 йил мобайнида аҳолидан электр энергияси, газ ва ичимлик суви учун қарийб 2 триллион 200 миллиард сўмлик, жумладан, жорий йилда 920 миллиард сўмдан ортиқ тўловлар амалга оширилган. Мазкур йўналишда 3 минг 288 ноқонуний ҳолат аниқланиб, 6 миллиард 618 миллион сўмлик зарар қопланган. Шунингдек, 14 минг 200 дан ортиқ истеъмолчи тўловларни ўз вақтидан кечиктиргани учун тармоқдан узиб қўйилган.
– Аҳолининг табиий ресурслардан оқилона ва тежамли фойдаланишини таъминлаш лозим, – дейди вилоят МИБ бошлиғи ўринбосари Ж.Жуманиёзов. – Коммунал тўловларни ўз вақтида ундириш ҳам муҳим. Бу бевосита аҳолининг истеъмол ва тўлов маданияти билан боғлиқ. Бинобарин, намунали истеъмолчиларни рағбатлантириш орқали аҳолининг бу борадаги маданиятини ошириш мумкин бўлади. Шу мақсадда бошқармамиз томонидан жорий йилнинг июлидан ноябрь ойига қадар "Қарздорлиги бўлмаган энг намунали маҳалла", "Қарздорлиги бўлмаган энг намунали кўча" ва "Коммунал тўловлардан қарздор бўлмаган энг намунали хонадон" йўналишлари бўйича танлов ўтказилади.
Тадбирда МИБ – маҳалла – истеъмолчи учлигидан иборат ҳамкорлик механизмини жойларда тўғри қўллаш юзасидан тавсиялар берилди.
Аваз Худойқулов, ЎзА
Манба: ЎзА