Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Наманган муҳандислик-технология институти ва Сургут давлат университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
2018-06-19 | Жамият
Яқинда Наманган муҳандислик-технология институти олимларидан иборат делегация Россия Федерациясига бир ҳафталик сафарда бўлишди.
Институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори Ойбек Эргашев, муҳандислик-технологиялари факультети декани Камолиддин Маткаримов, саноат ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва иқтисоди кафедраси мудири Равшанжон Исмоилов Тьюмен областига ташрифи давомида Сургут давлат университетида бўлишди.
1993 йилда ташкил топган Сургут давлат университети Россияда ўз ўрнига эга бўлган нуфузли таълим даргоҳларидан ҳисобланади. Политехника, табиий фанлар, юридика, иқтисодиёт ва бошқарув, тиббиёт йўналишларини ўзида қамраб олган мазкур олий ўқув юртида 5 та институт фаолият юритади. Университетда 10 мингдан зиёд талаба 20га яқин мутахассислик бўйича таҳсил олади.
Қайд этиш жоиз, университет жойлашган Сургут шаҳри нефт-газ саноати кенг тараққий этиб, бу Россия Федерацияси ялпи ички маҳсулотининг 27 фоизи салмоғига тўғри келади. Қолаверса, бу шаҳарда дунёдаги энг йирик гидро электро станциялар жойлашган бўлиб, қуввати ва кўлами жиҳатидан жаҳонда иккинчи ўринда туради.
Икки томонлама ўтказилган мулоқотда Ўзбекистонда ёшлар таълим-тарбияси, хусусан, олий таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш борасидаги ислоҳотлар, бу борада Президентимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар мазмун-моҳияти, ундан кўзда тутилаётган самаралар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.
Манба: ЎзА