Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва бандлик бош бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этди.
Бугун халқаро иқтисодиёт, молия, саноат, озиқ-овқат, қўйингки, барча жабҳаларда кескин рақобат кечаётгани, муросасиз ва беқарор вазиятда инновацион технологиялар аҳамияти ортиб бораётгани таъкидланди. Бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда инновацион технологиялар кенг қўлланилаётгани, ушбу жараёнда ёшларнинг фаоллиги муҳим аҳамиятга эга экани ва, албатта, уларнинг иштирокини янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Ҳафталик давомида ўтказилган кўргазмада ҳудудларда энг яхши, деб топилган 147 иштирокчининг 15 йўналишдаги 100 дан ортиқ лойиҳа ва ишланмаси намойиш қилинди.
– Туманимиз майдони жиҳатидан вилоятда энг йирик ҳудудлардан бири ҳисобланади, – дейди Қуйи Чирчиқ агросаноат ва транспорт коллежи ўқувчиси Э.Бозоров. – Афсуски, ердан самарали фойдаланиш борасида пешқадамлардан эмасмиз. Шу боис ушбу кўргазмада ердан йилига 5 марта ҳосил олиш бўйича лойиҳам билан иштирок этдим. Яъни, бир вақтнинг ўзида ҳам ер ости, ҳам ер устида ҳосил берувчи экинни парваришлаш йўли билан эрта баҳордан кузгача 5 марта ҳосил етиштириш мумкин. Ушбу лойиҳам муваффақиятли, деб топилди.
Тадбирда иштирокчиларнинг 45 лойиҳа ва ишланмалари ғолиб бўлиб, уларга ташкилотчиларнинг махсус диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Аваз Худойқулов, ЎзА
Манба: ЎзА